«Адолатсиз жарималар бекор қилиниши керак» — «Юксалиш» раҳбари

Улашиш:

Ижтимоий тармоқларда тадбиркорлик субъектлари томонидан камералар ўрнатилган ҳудудлардаги ҳолатлар кенг муҳокама қилинмоқда.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини тезкорлик билан бир қатор чораларни кўришга чақирди.

Унга кўра, мазкур тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган барча субъектларнинг сўнгги ҳафталардаги қайдномаларини тафтиш қилиш ва ҳуқуқий баҳо бериш чораларини кўриш, тафтиш натижасида ноинсоф тадбиркорлик йўли билан ундирилган жарималар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш ва ҳайдовчиларга тўловларни тадбиркорлар ҳисобидан қайтариш керак.

Тадбиркорлик субъектларининг назорат-камералари орқали қайд қилинаётган жарималарни назорат тартибида доимий текшириш амалиётини жорий қилиш, фуқароларнинг адолатсиз жарималар устидан шикоят қилишдаги оворагарчиликдан асраш мақсадида, қайдномаларга онлайн шикоят бериш имкониятини яратиш лозим.

Бундан ташқари, барча локациялардаги радар ўрнатилгани тўғрисидаги белгилар ёнида чекланган тезликни акс эттирувчи белгиларни ўрнатишни мажбурий қилиш керак.  

Шунингдек, бу борадаги фаолият юзасидан жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.

«Ўз ўрнида, пиёдалар ва йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, фуқароларимизни йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилишларини сўраймиз» — дейди Бобур Бекмуродов.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.