Дунё гигантларини бошқараётган ҳиндлар

Улашиш:

Ҳиндистонлик мутахассисларнинг айниқса IT соҳасида эришаётган ютуқлари жаҳонни лол қолдиряпти. Яқинда Global Index нашри эълон қилган рўйхатда дунёдаги кўплаб топ корпорацияларнинг бошқарувчи директорлари ҳиндлар эканини кўриш мумкин. Булар қаторига Alphabet Google, Microsoft, YouTube, Adobe, World Bank Group, IBM ва Starbucks каби машҳур компаниялар киради.

Айни пайтда бу кадрларнинг кўпчилиги хорижда олий таълим олганини таъкидлаш керак. Қуйида дунё миқёсидаги гигант компанияларни бошқараётган ҳиндистонлик топ менежерларни санаб ўтамиз.

Сундар Пичай

51 ёшли, асли ҳиндистонлик Сундар Пичай 2015 йилдан буён Google компаниясининг бошқарувчи директори ҳисобланади.

Мадурай шаҳрида туғилган Пичай аввалига ўз юртида олим таълим олган; АҚШга келгач, Стэнфордда ва Пенсилвания университетларини тамомлаган.

Сатя Наделла

Ҳайдарободда таваллуд топган 56 ёшли Сатя Наделла Microsoft компаниясининг бошқарувчи директори ҳисобланади.

Манипал технологиялар институти, Висконсин ва Чикаго университетларида таълим олган. 2014 йилдан буён энг машҳур IT компаниясида бошқарувчи.

Наел Моҳан

50 ёшли яна бир ҳинд Наел Моҳан – YouTube компаниясининг бошқарувчи директори.

Моҳан асли АҚШда туғилган, кейинроқ ота юртида бир қанча вақт яшаб Америкага қайтади ва бир неча босқичда Стэнфордда таълим олган. Моҳан 2023 йил феврал ойидан энг машҳур видеопорталнинг бошқарувчи директори.

Шантану Нараен

60 ёшли Шантану Нараен ҳам Ҳайдарободда туғилган. У дунё миқёсида оммабоп дастурларни ишлаб чиқарувчи Adobe компаниясининг бошқарувчи директори ҳисобланади.

Нараен Ҳиндистондан кейинги таълимни асосан АҚШ университетларида олган – Оҳайо, Калифорния университетларида ўқиган. 2007 йилдан буён ушбу лавозимда.

Арвинд Кришна

61 ёшли яна бир қаҳрамонимиз ҳам ҳинд — Арвинд Кришна. У дунёга машҳур IBM компаниясининг бошқарувчи директори.

Ҳиндистонда туғилган, АҚШнинг Иллинойс унверситетида таълим олган. 2020 йилдан буён IBM’да бошқарувчи директор.

Ажай Банга

Асли келиб чиқиши ҳиндистонлик бўлган Ажай Банга – шу йил июн ойида 5 йил муддатга Жаҳон банклари гуруҳининг (World bank Group) 14-президенти этиб тайинланди.

Банга бунга қадар Mastercard'да бошқарувчи директор бўлган.

Лахман Нарасимҳан

56 ёшли яна бир қаҳрамонимиз Лахман Нарасимҳан дунёга машҳур қаҳвахоналар тармоғи Starbucks'нинг бошқарувчи директори ҳисобланади.

У ҳам бу лавозимга келганига кўп бўлмади – 2023 йил март ойида.

Бу юқорида номлари келтирилган компанияларнинг энг машҳурлари холос. Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёдаги 35 фоизга яқин фрилансер-айтичиларни айнан Ҳиндистон етказиб бермоқда.

Кейинги мақолаларимизда Ҳиндистондаги IT ва таълимга эътибор, кадрларни етиштириш масалаларини ёритамиз.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.