Энергетика вазирлиги тадбиркорларнинг қуёш панелларини ўрнатишга мажбурлашга қарши эканлигини билдирди.
Сўнгги пайтларда мамлакатимизнинг баъзи бир ҳудудларида тадбиркорлик субъектлари қуёш панеллари ўрнатишга мажбурланаётгани, бу тўғрисида айрим мутасадди ташкилотлар томонидан тегишли равишда расмий хат ҳам юборилаётгани ва ўрнатмаса, электр таъминотидан узиб қўйилиши тўғрисида таҳдид бўлаётгани хусусида шикоятлар янграмоқда.
Энергетика вазирлиги мазкур мавзудаги мавжуд шикоятларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларни маълум қилишни лозим топди.
Маълум қилинишича, Президент қарорлари билан соҳадаги муносабатларни янада ривожлантириш ва электр энергияси ҳамда табиий газни тежаш бўйича мақсадли кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ҳамда табиий газдан самарали ва тежамкор фойдаланиши бўйича зарур ишларни амалга ошириш, қуёш панеллари, қуёш сув коллекторлари ўрнатиш имконияти бор тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонлари учун мазкур жиҳозларнинг тарғибот-ташвиқотини кучайтириш сингари вазифалар кўрсатиб ўтилган.
"Бироқ кимнидир қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш, ўрнатилмаган тақдирда эса, уни тармоқдан узиб қўйиш билан огоҳлантириш масаласи ҳеч бир қонунчилик ҳужжатларида белгиланмаган.
Демакки, бундай қилиш қонунчиликка зид ва Энергетика вазирлиги бу каби хатти-ҳаракатларни мутлақо ёқламайди.
Иккинчидан, бугун мамлакатимизга қуёш панеллари ва унинг бутловчи қисмларини олиб кираётган корхоналар сони ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
Айрим “иқтисодчи”лар таъкидлаганидек, ушбу маҳсулотларнинг импортини қандайдир 1-2 та ташкилот рухсат орқали амалга оширмаяпти ҳамда буларнинг фаолияти Энергетика вазирлиги томонидан бошқарилмайди", дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, ўтган йили 5 кВт қувватга эга “on grid” тизимидаги қуёш панели нархи ўртача 50 млн сўм, “off grid” тизимидаги эса 65 млн сўм турган бўлса, 2024 йилнинг сентябрида бу нархлар 35 млн сўм ва 45 млн сўмни ташкил қиляпти. Бу аввало мавжуд рақобат муҳитининг таъсири бўлса, иккинчидан, асосий ишлаб чиқарувчи Хитойдаги нархларнинг тушиши ҳам бунга сабаб бўлган.
" Учинчидан, шуни алоҳида таъкидлаш керакки, 2023 йилнинг 1 октябридан юридик шахслар ва тадбиркорлар учун, 2024 йилнинг 1 май санасидан эътиборан эса аҳоли истеъмолчилари учун энергоресурслар тариф нархларининг табақалаштирилган равишда оширилиши истеъмолчиларда қуёш панели ҳамда гелиоколлекторларга нисбатан қизиқишни табиий равишда кучайтирди. Хусусан, жорий йилнинг 1 августигача “Қуёшли хонадон” дастури бўйича жами 44 516,4 кВт қувватга тенг 13 минг 324 та, юридик истеъмолчилар билан эса жами 197 201 кВт қувватга тенг 8 минг 776 та шартнома имзоланган. Бу юртдошларимизнинг барчаси қуёш панелини ўз хоҳиши билан ўрнатган.
Энергетика вазирлиги тадбиркорлик субъектларини қуёш панели ўрнатишга мажбурлаш билан мутлақо келишмайди. Аммо тадбиркорларимиз ҳам қуёш панели қўйиш ўз бизнеси учун фойдали эканлигини англаб етишса, нур устига нур бўлур эди. Қолаверса, бугун бу бозорда таклиф қилувчи ҳам, талабгор ҳам, кимлардир ўйлаганидек, кам эмас", дейди вазирлик.