Ўзбекистонликлар масофадан туриб Россия банкларида ҳисоб рақамларини очишлари мумкин

Улашиш:

Россия ҳукумати фуқаролар Россия банкларида масофадан туриб ҳисоб рақамларини очиш учун идентификациядан ўтишлари мумкин бўлган мамлакатлар рўйхатини тасдиқлаган. Улар орасида Ўзбекистон   ҳам бор. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

Россияда молиявий операцияларни амалга ошириш учун фуқароларини идентификациялашга рухсат берилган 25 та давлат рўйхатига МДҲ мамлакатлари ва дунёнинг бошқа бир қанча мамлакатлари киритилган. 17 октябрда Россия Бош вазири Михаил Мишустин тегишли фармойиш имзолаган.

Россия Федерацияси Бош вазирининг янги фармойиши чет эл фуқароларига Россияда молиявий хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш учун амал қилади. Россия банклари чет эл компаниялари ва фуқароларига Россия Федерациясида масофавий форматда ҳисоб рақамларини очиш ҳуқуқини олган ҳолда, мижозларнинг шахсини тасдиқловчи хорижий молиявий ташкилот билан шартнома тузишлари керак. Ушбу процедурадан ўтгандан сўнг, чет элликлар шахсий иштирокисиз масофадан туриб Россия банкида ҳисоб ёки омонат очишлари мумкин бўлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, санкция сиёсати Россия федерацияси ҳудудида Visa ва MasterCard халқаро тўлов тизимларининг фаолиятини тўхтатишга олиб келди. Натижада, Россияга саёҳат қилишни режалаштирган чет эл фуқаролари Россия банк инфратузилмасидан узилиб қолишди. Энди бу қарор ўзбекистонликларга товарлар ва хизматлар ҳисоб-китоблари учун "Мир" карталарини тўғридан – тўғри Ўзбекистонда олиш имконини беради, компанияларга эса трансчегаравий операцияларни амалга оширишни осонлаштиради.

МДҲ мамлакатларидан ташқари, рўйхатга Жазоир, Баҳрайн, Бразилия, Миср, Ҳиндистон, Индонезия, Қатар, Хитой, Қувайт, Малайзия, Мўғулистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Таиланд ва Туркия киритилган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.