Тошкентда, Нукусда ва вилоятлар марказларида ҳавони ифлослантирувчи автомобиллар ҳаракатланиши бутунлай тақиқланиши мумкин

Улашиш:

Тошкентда, Нукусда ва вилоятлар марказларида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ҳавони ифлослантирувчи автомобилларнинг ҳаракатланиши бутунлай тақиқланиши мумкин. Бунинг учун   жойларда махсус “эко постлар” ташкил қилиниши режалаштирилган.  

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳоқама қилинмоқда.

Агарда қарор қабул қилинадиган   бўлса, унда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланувида бўлган бензин, дизель ва газ двигателлари билан жиҳозланган ғилдиракли транспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари кучга киради.

Транспорт воситалари ташламаларининг нормативларга мослигини назорат қилиш лаборатория синовларини ўтказиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:

  • 2024 йил 1 июлдан бошлаб – барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган ташкилотлар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун мажбурий тартибда;

  • 2025 йил 1 январдан бошлаб – барча бошқа юридик шахслар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун ихтиёрий тартибда;

  • 2025 йил 1 июлдан бошлаб – барча жисмоний шахслар фойдаланувида бўлган транспорт воситалари учун ихтиёрий тартибда;

Атмосфера ҳавосига зарарли таъсири транспорт воситалари ташламаларининг нормативларидан юқори бўлган транспорт воситалари бўйича:юридик шахсларга – компенсация тўловларини татбиқ этилади ва 2025 йил 1 сентябрдан ташламаларининг нормативларга мослиги тасдиқланмаган  транспорт воситаларидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари ҳудудида фойдаланишни ман этилади.

Шунингдек, 2025 йил 1 сентябрдан ташламаларининг нормативларга мослиги тасдиқланмаган  жисмоний шахсларга тегишли транспорт воситаларидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказлари ҳудудида фойдаланиш тақиқлаш чоралари қўлланади.

Қолаверса, ҳужжатга таъкидланишича, транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш жараёнларида транспорт воситалари ташламаларининг нормативларга мувофиқлигини баҳолаш талаб этилмайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.