Камолиддин Раббимов: Автоҳалокатларнинг кўпайиши одатий ҳол сифатида қабул қилинмаслиги керак

Улашиш:

Ëши 50 дан ошган ҳайдовчилар ҳам машинани қоида бўйича ҳайдамайди. Бурилишларда ёнчироқни ёқмайди, қувиб ўтишда ҳам йўлни хавфли шаклда кесиб ўтади. Одамлар ўта агрессив...

Кўп кузатамиз, аксарият ҳайдовчилар оддийгина йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишмайди: тақиқланган жойда тўхташади, бурилишларда қайрилиш чироқларини ёқишмайди, йўл сўраш этикасига амал қилишмайди. Бекатларда автобус йўлини тўсиб туриб олишади.

Ҳайдовчилар ҳам, айрим йўловчилар ҳам ўзаро ҳурмат тамойилларини четлаб ўтишганига кўп гувоҳ бўламиз.

Албатта, бугунги кунда автомобилларнинг кўпайиб бораётгани иқтисодий ўсишдан далолат берса, шу билан параллел равишда автоҳалокатлар сонининг ҳам ортиб бораётгани ўйга толдирмасдан қолмайди. Авваллари, автоҳалокатлар ҳақидаги хабарлар аҳён-аҳёндагина қулоғимизга чалиниб қолар эди.

Эндиликда бу каби воқеа-ҳодисалар ҳар куни бот-бот ижтимоий тармоқларда “айланади”. Энг ачинарлиси, уларга қулоқларимиз “ўрганиб”, одатий ҳол сифатида қабул қила бошладик.

Йўлда автомобилда юриш – коллектив маданиятни, коллектив мулоқот ва ўзаро ҳамкорликни талаб қилади. Бизни маданиятимиз – ўзаро ишончсизлик, рақобат ва кимўзарга ўйнаш, “бошқаларни ютиш”га мойил...

Қоидабузарликлар учун жазо муқаррар бўлишини таъминлаш, жарима баллари тизимини тезроқ ишга тушириш, ТВ каналларда йўл қоидаси бўйича махсус дастурлар қилиш, кеч бўлганда (болалар ухлаганда) йўл ҳаракати ҳалокатларини кўрсатиб бориш керак.

Жамиятнинг маданияти – сиёсатнинг асоси, платформаси ҳисобланади. Оддий йўлда шунча кўп ҳалокат бўлиши, сиёсий маданиятимиз ҳам юқори эмаслигини билдиради. Автоҳалокатлар сонининг кўплиги – жамият учун одатий, стандарт ҳолат бўлиб қабул қилинмаслиги лозим. Жиддий миллий безовталик кўрсатиш керак!

Камолиддин Раббимов,
сиёсий таҳлилчи

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.