Эрон “Фаттоҳ 2” деб номланган янги қанотли ракетасини тақдим этди

Хато ҳақида хабар Чоп этиш

Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг Аэрокосмик кучлари гипертовушли янги “Фаттоҳ 2” деб номланган қанотли ракетани тақдим этди.

Эрон давлат ахборот агентлиги IRNA хабарига кўра, биринчи авлод қанотли ракеталар дастлабки қувватни таъминлаш учун оддий ракета двигателлари, шунингдек, ҳаракатни бошқариш учун турбореактив двигателлар билан жиҳозланган. Янги авлод “Фаттoҳ 2” ракеталари эса ҳаво-реактив двигатели билан жиҳозланган.

Июнь ойида Эрон ҳукумати мамлакатда ишлаб чиқарилган биринчи гипертовушли баллистик ракета — “Фаттоҳ”ни намойиш қилганди. Эрон ўз арсеналида гипертовушли технологияларга эга бўлган дунёдаги тўртинчи давлатга айланди.

2022 йил ноябрь ойида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аэрокосмик кучлари қўмондони, бригада генерали Амир Али Ҳожизода эронлик мутахассислар биринчи гипертовушли ракетани яратишга муваффақ бўлганини маълум қилган эди. Кейин Пентагон бунга шубҳа қилди, аммо май ойи охирида Ҳожизода ракета барча синовлардан муваффақиятли ўтганини эълон қилди.

Мавзу юзасидан фикр, мулоҳаза ёки қўшимча маълумотларингиз бўлса, Sangzor.uz Telegram канали орқали таҳририятга йўллашингиз мумкин.
Фикрлар (0)
Фикр билдиринг
Код тушунарсиз бўлса, янгилаш учун расм устига босинг