Жиззах вилояти солиқчилари “Яшил макон” лойиҳасида фаол иштирок этдилар

Улашиш:

Мамлакатимиз бўйлаб кенг кўламда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Жиззах вилояти солиқ бошқармаси жамоаси томонидан эзгу ишга қўл урилди. Бошқарма биноси жойлашган ҳудудда манзарали кўчатлар экиш ишлари олиб борилди.

Тадбирда бошқарманинг барча ходимлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг аҳамиятини ҳис этган ҳолда мазкур экологик саъй-ҳаракатда иштирок этдилар. 

Хайрли акцияда 100 нафарга яқин ходимлар иштирок этиб, 400 тупга яқин акация, “Лола дарахти”, катальпа ва сафора каби манзарали кўчатлар ўтқазилди. Айни кунларда вилоятнинг Шароф Рашидов туманидан ажратилган ер майдонига 15 минг туп терак кўчатларини экиш режалаштирилган.

Маълумотларга кўра, вилоят миқёсида кузги кўчат экиш мавсумида 6 млн. 732 минг дона кўчатлар экилиши бўйича   корхона, ташкилот ва муассасалар кесимида “Манзилли дастур” ишлаб чиқилди. Вилоятнинг туман (шаҳар)   тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, 27 турдаги дарахт, буталар танлаб олиниб, ўрмон хўжаликлари томонидан 681,3 минг дона, тадбиркорлик субъектлари томонидан 472 минг дона, аҳоли томорқалари ва бошқарлар томонидан 453 минг дона, илмий-тадқиқот институтлари томонидан 120 минг дона жами 10 млн 57 минг дона манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ҳамда бута, қаламчалар етказиб берилган. 

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирлар вилоят бўйлаб давом этмоқда.  

Жиззах вилоят солиқ бошқармаси Ахборот хизмати

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.