Хитой компанияси Ўзбекистонда 50 мингта “электрозаправка” ўрнатади

Улашиш:

Энергетика вазирлиги ва Хитойнинг электромобиллар ишлаб чиқарувчиси Henan Suda вакиллари электрокарлар учун қувватлаш шохобчаларини қуришга келишиб олишган. 10 йил ичида мамлакатимизда хорижий шерик билан биргаликда ишлаб чиқилган 50 мингта электр ёнилғи қуйиш шохобчалари пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.  

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги қайта тикланувчи энергия манбалари илмий-тадқиқот институти делегацияси Хитойга ташриф буюрган ва Henan Suda компаниясида учрашув ўтказган.

Томонлар Ўзбекистонда электр транспорт воситаларини қувватлаш мосламалар технологияларини биргаликда ишлаб чиқиш ва ўрнатиш лойиҳасини муҳокама қилишган. Учрашув якунида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган.

Келишувларга кўра, 2033 йилгача республикамизнинг барча ҳудудларида 70та марказлаштирилган ва 50 мингта марказлаштирилмаган электр қувватлаш    шохобчалари қурилиши режалаштирилган. Бу 700 мингдан ортиқ электрокарларга хизмат кўрсатишга имкон беради.

2024 йилга келиб республикада 2400 та электр автомобилларни қувватлаш шохобчаларини ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси йилдан бошлаб қурилишда бўлган барча ёқилғи қуйиш шохобчалари, меҳмонхоналар, савдо-кўнгилочар ва бизнес марказлари, шунингдек автотрассалар ёнидаги инфратузилма объектлари электр транспорт воситалари учун қувватлаш шохобчаларига эга бўлиши керак.

Ўтган йили Ўзбекистон идоралари ва компаниялари Кореянинг Motrex, Хитойнинг Huawei компаниялари, Татаристон компаниялари ва бошқа хорижий ҳамкорлар билан биргаликда электр қувватловчи шохобчаларини ташкил этиш бўйича бир қатор музокаралар ўтказишган эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.