Ўзбекистонликларнинг минимал истеъмол харажатлари кунига 20,7 минг сўмгача ошган

Улашиш:

Ўзбекистонликларнинг минимал истеъмол харажатлари 9,3 фоизга ошган. Ушбу кўрсаткич мамлакатда камбағаллик чегарасини белгилайди. У республика бўйича инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқилган. 

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда энг кам истеъмол харажатлари ойига 621 минг сўм ёки кунига 20,7 минг сўмни ташкил этади. 2023 йилда бу кўрсаткич ойига 568 минг сўм ёки кунига 18,9 минг сўм эди. Шундай қилиб, у 9,3% га ошган.

Кўрсаткични ҳисоблашда расмий инфляция даражаси ҳисобга олинган, 2023 йилда у 8,77% ни ташкил этган. Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотлари ўртача 9,7 фоизга қиматлашган.

Минимал истеъмол харажатлари — уй хўжаликларининг реал истеъмол қийматлари ва таркибини ўрганиш асосида уларнинг соғлом ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар учун минимал харажатларнинг ҳисобланган қиймати

Статистика агентлигининг таъкидлашича, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан қуйидагилар учун мезон сифатида фойдаланилади:


  • давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;

  • мамлакат камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;

  • камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;

  • пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.

Таъкидлаш жоизки, баъзи нафақа ва ижтимоий тўловлар минимал истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги керак.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.