“Ўрта асрлардагидек фикрлашни бас қилинг!”. Оилавий зўравонликни яна оқлашга уринган блогерларнинг видеоси ижтимоий тармоқларда танқидга учради

Улашиш:

Оилавий масалалар ўзбекистонлик блогерлар учун аллақачон севимли мавзуга айланган. Қандай яшаш кераклиги, эр-хотиннинг бир-бирига муносабати қандай бўлиши лозимлиги тўғрисида ақл бермоқчи бўлганлар йўқ эмас.   Маиший   зўравонликка ва одатий бўлиб қолган “барчасига ўзи айбдор” тамойилига бағишлаб блогерлар томонидан яратилган навбатдаги видео   тармоқларда   фаол муҳокама қилинмоқда.  

Ўзбекистонлик блогерлар маиший зўравонликни оқлаб чиққан яна бир видео яратишган. Унда эркак хотинининг юзига қаттиқ шапалоқ билан уради. Кейинги лавҳада эса кўзининг ости кўкарган аёл отасидан эри билан гаплашишни ва қайтиб унинг  хонадонига бормаслигини айтган.

Фарзанди учун жони куйган ота   куёвининг ёнига бориб, агарда қизига шундай муносабатда бўлса, у қайтиб келмаслигини билдиради.

“Хотинимни қаерга олиб кетмоқчисиз? Кейин нима қиласиз? Кимнингдир иккинчи хотини ёки ўйнаши қиласизми?”, - дея жавоб қайтармоқда куёв.

Кейинги кадрда аёлга   бошқа эркак гул совға қилади, уйигача машинада олиб бориб қўяди. Кўринишидан, бу ҳолатлар отанинг хаёлидан ўтади холос. Шу фикрлардан сўнг, бирданига отанинг авзойи   бузилиб, қизининг ўзини айблай бошлайди.

Мазкур видеога изоҳ берганлар орасида турли ёндашувлар кўзга ташланади. Айримлар “Урса – демак севади”, аёл уришга яраша иш қилгандир, деб ҳисоблашган. Роликдаги эрнинг ҳатти-ҳаракати борасида ҳеч нарса дейилмаган.

“Зўравонликни оқлаётган жирканч саҳналар. Хотинни ҳам боксчидек урмоқда. Эрсиз хотинларнинг ҳаммаси ҳам ёмон йўлга кирмайди”, - дея изоҳ берган бошқа фойдаланувчилар.

“Блогерлар, ундан кўра илмни, таълимни тарғиб қилинг. Ўрта асрлардагидек фикрлашни бас қилинг!”- деб ёзишган яна бир тоифадаги фойдаланувчилар.

Айримлар, “бу шунчаки спектакль”, бунга жиддий эътибор бериш шарт эмаслигини таъкидлашган. Изоҳ қолдирганларнинг бир қисми эса бундай роликларни суратга олаётган блогерлар машҳурликни мақсад қилиб қўйишганини айтишган, зеро, сценарий эски бўлсада, кўплаб лайклар тўплашда давом этмоқда.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.