Экология вазирлиги Тошкент вилоятидаги иссиқхоналарнинг ёқилғи турлари ва фильтрлаш мосламаларини текширмоқда

Улашиш:

Тошкент вилоятининг Зангиота, Тошкент, Қибрай ва Янгийўл туманларидаги иссиқхоналарнинг экологик мониторинги пойтахтда атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ошганлиги боис амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар бермоқда.

Экологик мониторинг ўтказишдан сабаб - ижтимоий тармоқларда аҳолининг Тошкентдаги атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини ошганлиги бўйича кўплаб мурожаатлари, шунингдек, санаб ўтилган туманларда атмосфера ҳавосининг ҳолати сезиларли даражада ёмонлашгани бўлган.

"Кўмир билан иситиладиган иссиқхоналар атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг асосий сабабларидан бири бўлиб қолмоқда. Сўнгги беш йил ичида иқтисодиётда кўмир истеъмолининг ўсиш суръати 22% дан ошди: агар 2018 йилда 6,8 миллион тонна кўмир ишлатилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 8,3 миллион тоннагача кўтарилди", – дея таъкидламоқда Экология вазирлиги.

Мониторинг пайтида Экология вазирлиги ходимлари иссиқхоналарда ишлатиладиган ёқилғини диққат билан текширишмоқда. Бундан ташқари, иссиқхоналарга берилган давлат экологик экспертизаси хулосаларида белгиланган меъёрларга риоя қилиш ўрганилмоқда.

Мониторинг жараёнида иссиқхоналарда атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг асосий манбалари бўлган ёниш пайтида кўмир чиқарадиган зарарли газларни тозалаш учун фильтрлаш мосламаларининг мавжудлиги алоҳида таҳлил этилади.

Ҳар бир иссиқхонанинг эгалари қонуний кўрсатмаларга риоя қилиш зарурлиги ва қоидабузарликлар юз берганда қўлланиладиган тегишли чоралар тўғрисида огоҳлантириш хатларини олишади.

Мониторинг 31 январгача давом этади.

Эслатиб ўтамизки, яқинда таҳририятимиз Тошкентда ҳаво ифлосланишининг асосий сабабларидан бири - мазут ва кўмирдан фойдаланиш, хусусан, уларни иссиқхоналарда ишлатилиши экани ҳақида ёзган эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.