Экологик аудит ва ёнғинларнинг олдини олиш. “Юксалиш” сифатсиз ҳаво билан курашиш бўйича ўз таклифларини илгари сурган

Улашиш:

“Юксалиш” ҳаракати ҳавонинг ифлосланиши билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун биринчи навбатда амалга оширилиши зарур бўлган 10 дан ортиқ чораларни таклиф қилган. Рўйхатда илгари айтилган ва янги таклифлар ҳам мавжуд. 

Таклифлар рўйхатини тузиш учун ҳаракат вакиллари 34 нафар мутахассислар орасида сўров ўтказишган. Респондентлар орасида Экология вазирлиги, Давлат геология қўмитаси мутахассислари, тадқиқотчилар, фаол фуқаролар    ва эколог-журналистлар бор.

Респондентларнинг 80,7 фоизидан ортиғи биринчи галда, чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш керак, деб ҳисоблайди. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу чанг ифлосланишини камайтиради.

Бунга қўшимча сифатида экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш лозимлиги таъкидланган.

Сўралган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарур, деб ҳисоблайди.

Респондентларнинг 70,1 фоизи ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбалар хусусида аниқ тасаввурга эга бўлиш лозим, деган фикрда. Шунинг учун устахоналар, фабрикалар, иссиқхоналар ва бошқа потенциал ифлосланиш манбаларини устувор мониторинг қилиш муҳимдир.

Бунда масъул идоралар ва ННТлар вакилларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланган. Мониторингда асосий урғу қуйидагиларга қаратилиши тавсия этилади:

  • ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;

  • натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;

  • ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиш учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;

  • қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;

  • ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари, респондентларнинг 57,3% ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор қилиш, зарур чораларни кўриш бўйича тавсиялар бериладиган кенг кўламли тарғибот ишларини ўтказишни айтган (57,3 фоизи). Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак.

Барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини экспертларнинг 53 фоизи қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.

Мутахассисларнинг 50,6 фоизи, ижтимоий-аҳамиятли объектларда, хусусан, мактаб, боғча, шифохона ва бошқаларда ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни тавсия этган. 42,1 фоизи иш берувчилар бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўриши лозимлиги айтишган.

Респондентларнинг 25 фоизи вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарурлиги таъкидлашган. Айрим экспертларнинг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан биридир.

Бунан ташқари, сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли   тиббий ниқоб тақиши зарур, деб ҳисоблайди.

Сўралганларнинг 18 фоизи биринчи навбатда қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган. Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлардан ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин.

Экологларнинг фикрига кўра, ҳаво сифатини яхшилаш қонунчилик ва технологиялардан тортиб таълим ва жамоатчилик иштирокигача бўлган турли даражадаги стратегик чораларни ўз ичига олган кенг қамровли ва узоқ муддатли ёндашувни талаб қилади. Шу муносабат билан улар қуйидагиларни таклиф қилишади:

  • бетон ёки асфальт билан қопланган майдонлар яқинида кичик боғлар ташкил қилиш;

  • шаҳар ва аҳоли яшайдиган ҳудудларда кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;

  • тиғиз вақтларда (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) Н2 ва Н3 тоифали (оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ юк ортилган) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;

  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобилларнинг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда замонавий транспортларга ўтиш бўйича имтиёзлар жорий этиш;

  • Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи зоналар ташкил этиш;

  • Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ифлосланишининг олдини олиш давлат дастурини ишлаб чиқиш;

  • Марказий Осиёда экологик вазиятни мониторинг қилишда давлатлараро муносабатлар соҳасида мақсадли ишларни амалга ошириш, муайян ваколатларга эга ишчи гуруҳларни тузиш;

  • корхона ва заводларда тозалаш ускуналари мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;

  • корхоналарнинг экологик аудитини ўтказиш, белгиланган стандартларга риоя этилишини жорий этиш ва назорат қилиш;

  • аҳоли учун экологик таълим дастурларини янада ривожлантириш;

  • хусусий ташкилотларга экологик муаммоларни ҳал қилишга сармоя киритиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш. Атроф-муҳитга хайрия қилиш учун солиқ имтиёзларини бериш;

  • атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Экология, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш вазирликлари вакилларидан иборат ишчи комиссия тузиш.

Эслатиб ўтамизки, илгарироқ атроф-муҳитнинг ифлосланиши сабаблари рўйхати ва муаммони ҳал қилиш чоралари Экология вазирлиги томонидан эълон қилинганди. Пойтахт ҳокимлиги экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастури устида ҳам иш олиб бораётганини маълум қилган. Шаҳар ҳокимлиги ўз таклифларини яқин келажакда тақдим этишга ваъда берган.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.