Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги зиддият тарихи...

Улашиш:

1924 йилда Совет Иттифоқи таркибига мажбурлаш орқали қўшиб олинган Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари деярли бир вақтда мустақиллик эълон қилди. Ҳурриятнинг дастлабки йиллари икки қардош мамлакат ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун дипломатик муносабатларни йўлга қўйди.

90-йиллар охири 2000 йиллар бошига келганда мамлакатлар ўртасидаги алоқаларга совуқчилик тушди. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон бир-бирига қарата кескин гаплар айтишни бошлади. Бу эса минтақани ўз геосиёсий таъсир доирасига киритишга интилаётган айрим куч марказлари учун айни муддао бўлиб хизмат қилди.

90-йиллардаги муносабатлар ва Тожикистондаги фуқаролик уруши

Мустақилликнинг дастлабки йиллари Ўзбекистон ҳам, Тожикистон ҳам хавфсизлик ва мамлакат ичида барқарорликни таъминлашга ҳаракат қилди. 1992 йил 16 январь куни Ўзбекистон ва Тожикистон ўзаро дипломатик муносабатларни йўлга қўйди. 1993 йил 4 январь куни эса икки давлат ўртасида яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди.

1992 йилда Тожикистонда 5 йилдан кўпроқ давом этган, 50 минг инсон (баъзи манбаларда 80 минг)нинг ҳаётига зомин бўлган фуқаролик уруши бошланиб кетди. Ўзбекистон қўшни давлатларда рўй бераётган воқеаларга бефарқ бўла олмас эди. Сабаби Тожикистонда фуқаролар урушининг бошланиб кетиши Ўзбекистонда ҳам радикаллашган исломий гуруҳларнинг фаоллашишига олиб келиши мумкин эди. Боз устига Афғонистонда ҳам ҳокимият учун кураш авж олганди. Яъни фуқаролар урушининг Ўзбекистонга ҳам ёйилиши борасида Ўзбекистон раҳбариятида хавотирлар бор эди.

1992 йил Тожикистонда бошланган фуқаролар уруши
Фото: Asia-Plus

Ўзбекистон ҳукумати Тожикистондаги фуқаролар урушида Эмомали Раҳмон бошчилигидаги халқ фронтини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Ўзбекистон қўшни республикага ҳам ҳарбий, ҳам моддий томондан ёрдам ажратди. Ислом Каримов бошқарувидаги Ўзбекистон Тожикистондаги фуқаролар урушининг тинчлик келишуви билан якунланишига салмоқли ҳисса қўшди.

1998 йилда Тожикистон президенти ўз чиқишларининг бирида 90 йилларда мамлакат ичида даҳшатли очарчилик юзага келганини, одамлар нонга навбат пойлаб вафот этганини, шундай бир шароитда Ислом Каримов ва ўзбек халқи тожикистонликлар учун Термиз шаҳридан 17 та вертолётда ун жўнатганини таъкидлаган.

Агар Борис Ельцин ҳамда Россия бўлмаганида, агар Ислом Каримов ва ўзбек халқи бўлмаганида, бугун тожик миллати ва давлати мавжуд бўлмас эди”, — деган Эмомали Раҳмон.

Сиёсий таҳлилчи ва журналист Аркадий Дубнов Тожикистондаги фуқаролар урушида Ўзбекистоннинг позицияси ҳақида шундай деган эди:
Агарда Каримов Тожикистон халқ фронти ҳаракатини қўллаб-қувватламаганида, ҳозирги пайтдаги Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг ҳокимият тепасига келишини тасаввур қилиб бўлмасди”.

Каримов Эмомали Раҳмонни ҳокимиятдан олишга уринганми?

Баъзи манбаларда Ислом Каримов вақт ўтиши билан Тожикистондаги ҳокимиятни ўзгартиришга урингани ҳақида маълумотлар учрайди. Хусусан, тожик расмийлари 1998 йилда Тожикистоннинг Ленинобод вилоятида полковник Маҳмуд Худойбергенов бошчилигидаги қуролли исён Тошкентдан дастакланганини иддао қилади. Лекин 2000 йилда Ўзбекистон президентининг Душанбега расмий ташрифи чоғида, журналистларнинг бу борадаги саволига Ислом Каримов жавоб берар экан, буни қатъиян рад этади.

Томиримда ўзбек қони билан бир қаторда тожик қони ҳам оқаётган бўлса, Тожикистонда тўқнашувга қандай йўл қўяман?” — деган Каримов.

Журналистлар билан учрашувда Каримов ўзбеклар ва тожикларни икки тилда гаплашадиган бир халқ деб атаган. Шу билан бирга, ташриф давомида икки давлат ўртасида “абадий дўстлик тўғрисида шартнома” имзоланган. Аммо бу келишув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларга акс таъсир кўрсатди.

Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон
Фото: “Новости”

Совуқчиликнинг сабаб ва оқибатлари

Марказий Осиёда сув тақсимоти тарихан мураккаб масала бўлган. Каримов ва Раҳмон ўртасидаги зиддият бу мураккабликни яққол кўрсатиб, нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақанинг келажаги учун муҳим саволларни ўртага ташлади.

1998 йилда Марказий Осиё давлатлари томонидан алоҳида келишувга эришилган бўлиб, унда Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимидаги давлатлар — Ўзбекистон ва Қозоғистон суғориш ва электр энергияси учун тўловни амалга оширган, Тожикистон ва Қирғизистон эса бу даромаддан эҳтиёж энг юқори бўлган қиш мавсумида энергия учун тўловларни амалга ошириш учун фойдаланган. Бироқ ушбу келишув 2002 йилда Қирғизистоннинг электр энергия нархининг ошириши натижасида бузилди.

Шундан сўнг Тожикистон ўзининг электр генерация салоҳиятини ошириш мақсадида бир қанча гидроэлектр станция (ГЭС)лар барпо этишни бошлади. Хусусан, 2004 йилда расмий Душанбе иқтисодий ҳолати мураккаб эканлигига қарамай, Вахш дарёси бўйида Роғун ГЭС қурилиши ишларини қайта ишга тушириш ниятида эканлигини билдирди. Аслида Москва лойиҳа учун маблағ ажратишни ўз зиммасига олган эди.

Роғун ГЭСнинг қурилиши
Фото: lifenewsuz.com

Ушбу қарор Ўзбекистон ҳукуматида бир қанча хавотирларни келтириб чиқарди. Каримов маъмурияти сейсмиклиги юқори бўлган тоғли ҳудудда дунёдаги энг баланд тўғон пайдо бўлишидан хавотир билдирган ва ҳукуматни лойиҳани қайта кўриб чиқишга чақириб, Тожикистон учун кичик ва ўрта ГЭСлар қуриш афзал эканлигини билдирган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган давлат бўлиб, дарёларда сув сатҳининг камайиши қишлоқ хўжалигида муаммоларни юзага келтириши мумкин эди.

Ўзбекистон ва Тожикистон муносабатлари совуқлашишининг яна бир омили икки давлатнинг ҳудудий даъволари бўлди. Тожикистон ҳудудида бир нечта ўзбек анклавлари, Ўзбекистон ҳудудида эса битта тожик анклави мавжуд эди. 2000 йилда Ўзбекистон Тожикистон билан чегаранинг тоғли қисмларини, гўёки жангариларнинг ўз ҳудудига кириб келишига йўл қўймаслик учун миналаштирди.

2009 йил охиридан бошлаб Ўзбекистон Тожикистонга юкларни, жумладан, Роғун ГЭС қурилиши учун мўлжалланган қурилиш материаллари юкланган поездларни ўтказишни кечиктира бошлади.

2012 йилда Ислом Каримов минтақада содир бўлиши мумкин бўлган “сув” уруши ҳақида гапириб, шундай деган эди:
Ҳамма нарса шу даражада ёмонлашиши мумкинки, бу ҳатто урушларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун трансчегаравий дарёлар ҳақида гапирганда, биз жаҳон ҳамжамияти қабул қилган қарорларга асосланишимиз керак. Яъни мажбурий шартларда барча давлатларнинг розилиги бўлиши керак. Амударё ва Сирдарёнинг қуйи оқимида қозоқлар ва ўзбеклар кўп асрлар давомида яшаб келади. Шу нуқтайи назардан қараганда, биз эртага қандай мавқега эга бўлишимиздан манфаатдор бўлмасдан ҳал қилинадиган баъзи режалар юзага келганда, бугун жим туролмаймиз!

Шунингдек, икки давлат алоқаларининг кескинлашувига Ўзбекистон чегарасига яқин ерда жойлашган Тожикистон алюминий заводи ҳам сабаб бўлди. 2013 йилнинг январь ойида Ўзбекистон Тожикистонга табиий газ етказиб беришни тўхтатди.

Эмомали Раҳмон, Владимир Путин ва Ислом Каримов
Фото: Rengum

Муносабатларнинг илиқлашуви

Айрим сиёсатшунослар 2014 йилнинг сентябрь ойида Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон ўртасидаги икки томонлама учрашувдан кейин муносабатлар бир оз илиқлашганини таъкидлайди.

Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон Тошкентда
Фото: “Новости Тажикистана”

2016 йил июль ойида Ислом Каримов ва Эмомали Раҳмон яна, бу гал Тошкентда ШҲТ саммити доирасида кўришди. Икки томонлама музокаралардан сўнг, Тожикистон раҳбари ўз ҳамкасбини қулай вақт бўлганда Душанбега ташриф буюришга таклиф қилади. Бироқ 2016 йилнинг сентябрь ойида Ислом Каримов кутилмаганда вафот этади. Тожикистон раҳбари ўша йили иккинчи бор Ўзбекистонга ташриф буюриб, Каримовнинг дафн маросимида қатнашади.

Хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримов ҳам, Тожикистон раҳбари ҳам ўз мамлакатларининг миллий манфаати нуқтайи назардан сиёсат юритди. Бироқ Марказий Осиё устида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш ҳаракатида юрган ташқи акторлар учун ушбу зиддият ўзига хос шароит ҳозирлади. Натижада эса минтақадаги интеграцион жараён фалаж ҳолатга келиб қолди.

Эмомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов дафн маросимида
Фото: rus.azattyk.org

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсати натижасида икки мамлакат ўртасида яқинлашув пайдо бўлди. Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор берди ва бу Тожикистон билан алоқаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Масалан, чегара назорати юмшатилди, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги бир неча назорат-ўтказиш пунктлари қайта очилди, чегаралар миналардан тозаланди, сув масаласида конструктив музокаралар бошланди, савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайтирилди. Бу ўзгаришлар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очди ва минтақавий хавфсизлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнади.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.