Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев рус тилини билмайдиган мигрантлар болаларини мактабларга қабул қилишни тўхтатишга чақирган. Россия сиёсатчисининг сўзларини "Миллий тикланиш" партияси раҳбари Алишер Қодиров изоҳлаган.
"Ижтимоий функция жойлари, яъни мактаблар, бошқа ўқув муассасалари тез - тез муҳокама қилинадиган ҳолат мавжуд. У ерларга рус тилини билмайдиган болалар келаётгани мунозарага сабаб бўлмоқда. Умумий таълим даражаси бундан азият чекмоқда. Буни ҳамма ҳам билади ва шу билан тугатиш вақти келди", - деди Медведев давлат миграция сиёсати бўйича йиғилишда.
Шунингдек, сиёсатчининг сўзларига кўра, Россияда ишлаётган ва ўқимаган мигрантларнинг оила аъзолари мамлакатни тарк этишлари керак.
Медведев Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг маълумотларини келтирган ва унга кўра, Россия аҳолисининг 70 фоизи миграция сиёсатини кучайтириш тарафдори.
"Одамлар айрим мигрантлар доиралари вакиллари, мигрантларнинг айрим вакилларининг беадаб хатти-ҳаракатларидан чарчаган. Буни тугатиш керак",- деди у.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ушбу баёнотларга ўз Telegram-каналида муносабат билдирган.
"Болаларга нисбатан бундай шафқатсизлик келажакда рус тилига муносабатни шакллантиради", - деб ёзган у.
Қодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда рус тилини оммалаштиришга қаратилган самарасиз воситалардан Россияда ўзбекистонликларга рус тилини ўргатиш учун фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.