«Шурикнинг дўсти»: Жамол Аҳмедовнинг аччиқ қисмати

Улашиш:

«Кавказ асираси ёки Шурикнинг янги саргузаштлари» фильмини яхши биласиз. Унинг бошланиш қисмида ва кейинги кичик лавҳаларда Шурикнинг дўсти бўлиб чиққан Эдик эсингизда бўлса керак? Бу актёр ким? Яна қайси фильмларда чиққан? Шахсий ҳаёти қандай кечган?..

Отаси ўзбек, онаси рус

Жамол Аҳмедов Юсуфжонович (Руслан Ахметов) 1940 йил 19 февралда Москва вилоятининг Ивантеевка шаҳрида туғилган. Унинг отаси ўзбек эди. Юсуфжон Аҳмедов тўқимачилик соҳаси муҳандиси бўлиб ишларди. Онаси Вера Белякова рус миллатига мансуб эди. Юсуф Ахунжонович ва Вера Кузминична 1930-йилларнинг охирида танишишди. Кейин турмуш қурдилар. Оилада икки ўғил Жамол (Руслан) ва Александр (1947–2011) туғилди.

1950 йилда Аҳмедовлар Москвага кўчиб ўтишди. Жамол у ерда 509-ўрта мактабнинг ўқувчисига айланди. У спортни яхши кўрар, волейбол жамоасида ўйнарди. Шунингдек, иккита театр студиясига қатнади. 1958 йилда мактабни тугатган Жамол Аҳмедов биринчи уринишдаёқ ВГИКнинг актёрлик факультетига ўқишга қабул қилинди. У Михаил Ильич Ромм курсида таҳсил олди. 1963 йилда ВГИКни муваффақиятли тугатди.

1962-1963 йилларда Ж.Аҳмедов А.A.Румнёвнинг «Эктемим» Москва экспериментал пантомима театри актёри бўлиб ишлади. 1964–2000 йилларда у театр студиясида фаол ишлади. Дубляж сир-асрорларини ўрганди. Театр-студиясининг спектаклларида чиқиб турди. «Умидсизлик», «Аҳмоқ қиз», «Мени ўп, Кэт», «Қарсилдоқ қўнғиз ва сичқонлар қироли» ва бошқа пьесаларда роллар ижро этди.

Жамол Аҳмедов кинода ҳам бир-биридан кам бўлмаган роллар яратди. «Оқ пианино»да ёш бастакор Шоди, «Руслан ва Людмила»да Ратмир, «Тонгдан бир соат олдин»да Курнабаев, «Шаҳар узри қушлар»да Чингиз... Ҳамкасбларидан бирининг айтишича, у «Руслан ва Людмила»да шунақанги моҳирона ўйнаганки, фильм-эртак экранга чиққач, мухлиса қизлар Аҳмедовни кўчада юришга қўйишмаган. Унинг энг машҳур қаҳрамони эса, шубҳасиз, «Кавказ асираси»даги Эдик бўлиб қолди. Дарвоқе, Аҳмедов олдинроқ Гайдайнинг «Ы» операцияси ва Шурикнинг бошқа саргузаштлари» фильмида ҳам роль ўйнаган, талаба бўлиб.

Шукур Бурҳонов билан

Актёрнинг яна бир образи борки, у бош қаҳрамонга тенг қаҳрамон эди. Ж.Аҳмедов таниқли ўзбек актёри Шукур Бурҳонов билан «Осиё устида бўрон» фильмида ҳам чиққан. Мазкур киноасар ўз даврида машҳур эди. Фильмда у ўзининг исм-фамилияси билан чиққан, яъни қаҳрамони Жамол Аҳмедов бўлган. Актёр иштирокидаги сўнгги фильм 2004 йилда суратга олинган «Шафқатсизлар замони» бўлиб қолди.

Ҳаётда Жамол Аҳмедов яхши дўст бўлган. У балиқ овлашни яхши кўрарди. Ўзбекнинг паловини чиройли дамларди. Гитарани моҳирона чалар, кўп китоб ўқир, билим доираси кенг эди. Валентин Грачев, Владимир Ферапонтов, Георгиос Совчис, шунингдек, истеъдодли актёр ва Россия кино актёрлари гильдиясининг бошқарув кенгаши аъзоси Михаил Селютин билан фаол ишлаган ва яқин дўсти бўлган.

Шахсий ҳаёт ва омадсизлик

Жамол Аҳмедов икки марта уйланган. Биринчи хотини – келиб чиқиши рус бўлган француз бўлиб, «Большой театр» актрисаси Наталья Гапонова эди. 1963 йил декабрда уларнинг қизи Елена туғилди. Афсуски, бу никоҳ омадсиз бўлиб чиқди. Эр-хотин ажрашишди. Наталья қизини Францияга олиб кетди. Жамол уларни бошқа ҳеч қачон кўрмади. Қизини топишга бўлган барча уринишлари муваффақиятсиз якун топди. Бу ажрим унга қаттиқ таъсир қилиб, анча вақтгача ўзига кела олмади.

Актёр иккинчи сафар Таганка театри актрисаси Нина Забродина билан умр риштасини боғлади. Ўшанда 1970-йилларнинг бошлари эди. Улар салкам ўн йил фуқаролик никоҳи асосида бирга яшашди. Аммо бу никоҳ ҳам мўрт бўлиб чиқди. 1980-йилларнинг охирида Нина Забродина чет элликка турмушга чиқди ва у билан хорижга кетиб қолди.

Шахсий ҳаётдаги омадсизлик ва ишсизлик туфайли Жамол Аҳмедов қаттиқ тушкунликка тушди. У спиртли ичимликларга ружу қўйди. На кекса онаси, на дўстлари бу йўлдан қайтара олдилар. Ҳеч кимнинг панд-насиҳати кор қилмади. Фаолиятсизлик туфайли актёр ҳаётга қизиқишини йўқотди.

Жамол Аҳмедовга ичкилик қуйиб берадилганлар етарли эди: у ўзининг актёр эканлигини, «Кавказ асираси»да суратга тушганини айтарди. Алдамаётганига ишонч ҳосил қилишгач, мамнуният билан зиёфат қилишарди.

Айнан ичкилик туфайли Жамол Аҳмедов қандли диабет касалини орттирди.

Аянчли ўлим

2004 йил 13 августда актёрнинг онаси Вера Кузминична вафот этди ва Жамол мутлақо ёлғиз қолди. Укаси Александр ва синфдоши Людмила Меркулова ундан хабар олиб туришди, холос. Орадан бир йил ўтгач...

Актёрнинг ўлими ҳақида хабар тарқалди. Ҳужжатларда айтилишича, Жамол Аҳмедов 2005 йилнинг 23 июлида 65 ёшида номаълум сабабларга кўра вафот этган. Людмила Меркулованинг сўзларига кўра, актёрнинг жасади абгор аҳволда бўлган. Аҳмедовнинг ўлими сабаби... заҳарланиш эди! Шу қадар кучли заҳарланишки, тана дастлабки бир неча соат ичида парчаланиб кетган (суррогат алкоголь билан заҳарланиш оқибати шундай якун топиши мумкин).

Жамол Аҳмедов Ивантеевкадаги Новоселковский қабристонига дафн қилинган.

А.Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.