Ўзбекистонда илк бор чиқиндиларни ёқиш заводи қурилади

Улашиш:

2 май куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида Экология вазири Азиз Абдуҳакимов ва «China CAMC Engineering» компанияси раиси Ван Бо ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли маъмурий ислоҳотлар, шунингдек, чиқиндиларни бошқариш тизими борасида вазирлик зиммасига юкланган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва инвестиция жозибадорлигини ошириш борасидаги изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Ўз навбатида, Хитой томони чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш саноатини ривожлантириш бўйича режалар потенциал ҳамкорлар ва инвесторлар учун аниқ белгилаб берилганини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Хитой Халқ Республикасининг «China CAMC Engineering» компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикасида чиқиндиларни ёқиш электр станцияси лойиҳаси бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Учрашув якунида Ўзбекистондаги чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ўрганиш ва ташкил этиш ҳамда республика раҳбариятига тақдим этиш учун заводнинг дастлабки лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадида Хитойдан эксперт гуруҳини юбориш бўйича келишувларга эришилди.

Бундан ташқари, экотуризм соҳасида ҳамкорлик қилиш ва Самарқанд вилоятининг тоғли ҳудудларида янги канат йўлини қуриш имкониятлари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонларни ҳаво сифати мониторинги ва экологик қоидабузарликларга жавоб беришнинг онлайн тизими ҳамда чиқиндиларни йиғиш ва ташиш ускуналарини кузатиш тизими билан таништириш мақсадида вазирликнинг Диспетчерлик ва онлайн мониторинг марказига ташриф уюштирилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга келишиб олдилар.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.