Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бўйича Бош тергов бошқармаси 10 майда йўловчилари бўлган автобуснинг Мойка дарёсига қулаши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган ҳолат бўйича Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 238-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш) 3-қисми билан жиноий иш қўзғатди ва ҳозирда тергов давом этмоқда. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси хабар берди.
“Санкт-Петербургда автобуснинг дарёга қулаши оқибатида одамларнинг ўлими билан боғлиқ жиноий иш бўйича одамларни ташишни ташкил этган “Такси” МЧЖ карвони бошлиғи гумонланувчи сифатида қўлга олинди”, дейилади хабарда.
Лавозимига мувофиқ, унга “Такси” МЧЖда меҳнат ва транспорт интизомига, шу жумладан, ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимига риоя этилишини назорат қилиш вазифалари юклатилган эди. Тергов маълумотларига кўра, дарёга қулаган автобус ҳайдовчисига бир неча кун давомида керакли дам олиш вақти берилмаган. Ушланган шахсга нисбатан эҳтиёт чорасини танлаш ва айблов эълон қилиш масаласи ҳал қилинмоқда.
Бугун, 12 май куни автобус ҳайдовчиси Раҳматшоҳ Қурбонов Октябр туман судига олиб кетилди ва унга нисбатан эҳтиёт чораси тайинланди.