Бола психологиясини у чизган суратлардан билиб олиш мумкин

Улашиш:

Мутахассислар суратлар орқали бола руҳиятида қандай салбий ўзгаришлар юз бераётганини билиб олиш мумкинлигини таъкидлайди.

 

Синчков ота-она эса фарзанди чизган баъзи суратларни ўзича таҳлил қилган ҳолда, зудлик билан шифокор ёки мутахассисга мурожаат қилиши керак.

 

Албатта, бунинг учун бола чизаётган тасвирлар маъносига жиддий қараш шарт.

 

Масалан, бола сурат чизишда қаламга етарли босим бермаса, яъни чизган чизиқлари хира бўлса, бўяладиган қисм учун белгиланган чегарани ҳам қўшиб бўяб юборса ёки бўяшни чегарагача етказолмаса, бу неврологик касалликлар, кўриш ёки мушак-скелет тизимида қандайдир заиф ривожланиш борлигини англатади. Бунда ота-она фарзандини педиатр ёки невролог қабулига олиб бориши керак.

 

Агар бола суратларда тез-тез ички органларни тасвирлаётган бўлса, унда психиатр билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

 

Чизилган расмларда тана қисмлари бўлак-бўлак тасвирланса ҳам, мазкур ҳолатга жиддий қараш лозим. Агар бола инсон танасини бутунлигича чиза олмаса, бу унинг руҳиятида салбий ўзгаришлар юз бераётганини англатади.

 

Агар бола чизган суратларида доим бир хил жой, бир хил кўринишларни тасвирлаб, одатдагидек бир хил ранглар ишлатган бўлса, ушбу ҳолат унда психологик травма борлигини билдиради. Яъни, тасвирланган жой бола учун жуда муҳим. Бу жой билан боғлиқ унинг қандайдир хотираси бор. У сурат орқали қачонлардир хотирасида қолиб кетган тушунарсиз ва ташвишли вазиятни эслаётган бўлади.

 

Суратларда жонли нарсаларнинг йўқлиги ҳам хавотирлидир. Борди-ю бола одамлар ёки ҳайвонларни эмас, фақат жонсиз ва мавҳум нарсаларни чизаётган бўлса, бу унинг мулоқотда қийналаётганини англатади. Шунингдек, мазкур симптом неврологик касаллик сигнали ҳам бўлиши мумкин, масалан, аутизм каби.

 

Расмлардаги тишлари ҳаддан ташқари катта қилиб чизилган ҳайвонлар, ўқотар қуроллар тутган одамлар, портлашлар кўриниши, азоб чекаётган инсонлар ёки ҳайвонлар, вайрон қилинган бинолар, одамларга қаратилган учли ўқлар тасвири ҳам ота-оналарни сергак торттириши зарур. Шунингдек, бу турдаги суратларда қора ва қизил ранглар меъёридан ортиқ ишлатилган бўлса, бу болада кучли қўрқув, яширин (ёки яширин эмас) тажовузни, у бошдан кечирган зўравонликни ва унга кучли таъсир қилган вазият ёки янгиликларнинг «из»ларини англатиши мумкин.

 

Агар мазкур ҳолат кузатилса, бола билан хотиржам суҳбатлашган ҳолда, суратда нима тасвирлангани, қаҳрамонларнинг ҳис-туйғулари, жараёнда нима содир бўлганини сўраган маъқул. Шу билан бирга, у бу расмларни чизганда нимани ҳис қилишини ҳам сўраш керак. Энг тўғри йўл эса болалар психологига мурожаат этишдир.

 

Суратларда шикастланган одамларнинг тасвирланиши ҳам яхши белги эмас. Бундай образлар болада гапириб бериш қўрқинчли бўлган кучли оғриқнинг белгиси бўлиши мумкин. Бунда жароҳат одамлар ёки ҳайвонларнинг айнан қаерида тасвирланганига ҳам эътибор бериш лозим. Бу унинг қайси аъзоси жароҳатланганини «айтиб беради».

 

Боланинг расм чизишдан бутунлай бош тортиши ҳам нормал ҳолат ҳисобланмайди. Бу яхши ривожланмаган фикрлаш хусусияти ҳамда яширин психологик муаммолар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Балки бола хато қилиб қўйишдан қўрқар. Ёки травма олганми? Афзали, болалар психологи билан маслаҳатлашиш керак.

 

Маълумот учун, бу фақат 5 ёшдан катта болалар учун қилинган таҳлилдир.

 

Олдинроқ болалар чизган суратлар орқали уларни тушуниш мумкинлиги ҳақида маълумот берилган эди.

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.