Жиззах вилояти прокуратураси “Қишлоқ қурилиш инвест” томонидан давлат дастури доирасида қурилиб, фуқаро Н. Раджабов томонидан сотиб олинган уйга даъво қилиб уйнинг эгасини судга берди.
Н.Раджабов бу уйни “J-Quruvchi” МЧЖга мулк ҳуқуқи берилган Жиззах шаҳар ҳокимининг 2020 йил 19 август кунги 843-сонли қарорини бекор қилиш орқали сотиб олган.
Биринчи инстанция судида фуқаро уйни қонуний сотиб олгани ва бу уй-жой курилишида давлатга зарар етказилмагани учун прокуратуранинг аризасини рад қилган.
Бироқ, прокуратура яна ҳаракат қилганлиги учун суд Жиззах вилояти маъмурий судига оширилади. Иш холис кўрилиши учун Самарқанд вилоят маъмурий судига ўтказилади.
Прокурор протестида низоли уйнинг қурилишига ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмас деб кўрсатилган. Бироқ судда прокуратура вакили сифатида иштирок этган прокурор ёрдамчиси С.Сайдаҳмедов бу низоли уйни муқаддам Олий суд ҳузуридаги департамент, ФИБ Жиззах вилоят суди раиси А.Шукуровга хизмат уйи сифатида сотиб олмоқчи бўлиб, “Қишлоқ қўрилиш инвест” билан 2018 йил 24 августда шартнома тузганлигини сабаб қилиб кўрсатган.
“Бу уйнинг қурилиши бўйича бирон-бир ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлмаган бўлса, унда қандай қилиб шартнома тузилган. Прокуратура бу шартномани нима учун биринчи инстанция судига тақдим этмаган? Демак, прокурор протестида ўзбошимча қурилган, деб фараз қилинаётган уй прокуратура вакилининг судда тақдим этган ҳужжатларига кўра ҳуқуқий ҳужжати мавжуд бўлиб чиқмоқда”, – деб ёзмоқда Расул Кушербаев.