БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш бўйича Марказий Осиё давлатларининг ягона фронт бўлиб ҳаракатланиши ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилган. Уга 30 дан ортиқ давлатлар ҳаммуаллифлари бўлган.
"Резолюция концепцияси Ўзбекистон Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқига асосланади, унинг давомида республика раҳбари Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб олувчи қўшма гиёҳвандликка қарши ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишни таклиф қилди", – дея таъкидлади Ўзбекистоннинг БМТдаги вакили Улуғбек Лапасов.
Ҳужжатда 2024-2028 йилларда Ўзбекистоннинг гиёҳванд моддалар айланмаси ва гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишга қарши курашиш миллий стратегиясининг концептуал қоидалари ҳам ҳисобга олинган.
Резолюцияда Марказий Осиёда 2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) эришиш минтақада гиёҳванд моддалар айланмаси ва гиёҳванд моддаларни суиистеъмол қилишга қарши кураш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланган. Ҳужжат гиёҳванд моддалар, уларнинг прекурсорлари ноқонуний айланишига қарши курашиш, стратегик ташаббуслар ва ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш бўйича комплекс чораларни кўришга чақиради.
Муайян амалий қадамларни қўйиш – минтақавий электрон маълумотлар базасини жорий этиш, сўровномалар ва тадқиқотлар ўтказиш, ахборот технологиялари ва ижтимоий тармоқлардан гиёҳванд моддалар жинояти мақсадларида фойдаланишга қарши курашиш, виртуал валюталарни тартибга солиш, гиёҳвандлик бизнесининг молиявий асосларини бузиш, шу жумладан унинг уюшган жиноятчиликнинг бошқа шакллари билан боғлиқлигини ҳисобга олишга эътибор қаратилган.
Шунингдек, резолюция аъзо-давлатларни, БМТнинг тегишли тузилмаларини, халқаро молия институтларини ва бошқа манфаатдор томонларни гиёҳванд моддалар билан боғлиқ муаммоларни ҳар томонлама ҳал қилишда Марказий Осиё билан ҳамкорликни кенгайтиришга даъват қилади.