Ўзбекистонлик мотоциклда дунёдаги энг баланд автомобиль йўли ва тоғ довонини забт этган

Улашиш:

Боситхон Сиддиқхўжаев Ҳиндистоннинг Ҳимолайида жойлашган дунёдаги энг баланд тоғ довони бўлган Умлинг-Ла йўлини забт этган биринчи ўзбекистонлик бўлган.  

Чўққига йўл

35 ёшли ўзбекистонлик бир ойдан сал кўпроқ вақт давомида Ҳиндистон бўйлаб саёҳат қилган. Хусусан, у Ладах минтақасида икки ҳафта қолиб кетган, у ердаги тоғлар ва ибодатхоналар кам танилган бўлсада, аммо ниҳоятда гўзал жойлар экан.

photo_2024-06-22_02-25-52.jpg

Бу ерда Умлинг-Ла Пасс номли 86 километрлик тракт жойлашган бўлиб, у Чисумле ва Демчок қишлоқларини боғлаб туради, денгиз сатҳидан 5,8 минг метр баландликда кўтарилиб турибди. Бу Эверест таянч лагерларидан ҳам баландроқ саналади.

"Ладах тоғларидаги энг баланд нуқтага саёҳат бир ҳафта давом этди. Биз Пангонг кўлидаги Нубра қишлоқларида, Ханла ва Умлиледа бўлдик. Бу жойларнинг барчаси Хитой чегарасига яқин", - деди саёҳатчи.

Иқлимлаштириш унинг учун жиддий синов бўлган. 5 минг метр баландликда нафас олишда қийинчиликлар, бош айланиши, юрак уриши ва кўнгил айниш юзага келган. Кучли шамол таъсирида мувозанат йўқолиб турган.

photo_2024-07-06_14-15-28.jpg

Боситхоннинг ҳайдаш маҳоратини ҳудуднинг кўплаб дарёлари ва йўллари синаб кўрган. Шу билан бирга, эркак илгари ҳеч қачон мотоцикл ҳайдамаганлиги жуда қизиқ. У ушбу транспорт воситасини бошқаришни жуда қисқа вақт ичида Умлинг-Лага кетишдан олдин ладахлик шериклари туфайли ўрганиб олган.

"Ладахнинг туб аҳолиси Исмоил ва Абимана билан учрашганим яхши бўлди. Улар мени ўзлари билан олиб кетишди. Чўққини забт этгач, ғурур билан Ватаним байроғини кўтардим", - деди у.

Водийга бориш учун рухсатнома берилганда тўлдириладиган маълумотлар базасида Боситхон Ўзбекистоннинг биринчи фуқароси бўлган.

Маълумот учун. Умлинг-Ла машҳур Ханле қишлоғидан юзлаб километр узоқликда жойлашган. Ушбу йўлда саёҳат қилиш жуда кам одамна насиб қилади, чунки саёҳат қилиш учун рухсатномани фақат Ҳиндистон армияси ва ҳукумати беради.


Янги уфқларни очиш

Боситхон маълумоти бўйича енгил саноат соҳасида мутахассис. У ўзини очиқ одам, ҳар доим янги саргузаштларга интиладиган шахс сифатида тасвирлайди.

Дунёни кашф этиш истаги уни автостоп ҳаракати билан танишишга ундаган. Автостоп у учун саёҳат қилишнинг энг қулай ва тежамкор усулларидан бирига айланган, бу унга минимал харажат билан саёҳат қилиш имконини берган.

photo_2024-07-04_20-29-46.jpg

"Мен биринчи марта автостопни Қирғизистонда синаб кўрдим-бу жуда осон эди, мен ҳаттоки Иссиқкўлгача етиб бордим. Ҳиндистонда ҳам автостопдан ҳам фойдаланишимга тўғри келди: мен иккита машинада Гоадаги аэропортга етиб бордим ...Бироқ, ҳар доим ҳам   машина ушлай олмайсиз, баъзида бир ёки икки соат кутиш керак. Танишларим баъзида 4 ёки 5 соат туриш кераклигини айтишди", - деди у.

Шунингдек, суҳбатдошимиз глобал меҳмондўстлик тармоғи– каучсерфинг аъзоси сифатида кўпинча сайёҳларни ўз уйида қабул қилади. Чет элликлар унга тунаш   мақсадида жой топиш учун мурожаат қилишади ва у бу имкониятни улар билан баҳам кўради.


Маълумот учун. Каучсерфинг-бу бутун дунё бўйлаб меҳмондўстлик алмашиниладиган саёҳатчиларнинг халқаро ҳамжамияти ҳисобланади. Платформа меҳмонларни бепул қабул қилиш ёки меҳмончиликка бориш имконини беради. Ҳозирги вақтда каучсерфинг ёрдамида 200 мингта шаҳарга ташриф буюриш мумкин. Сервис маълумотларига кўра, сайтдан 14 миллион киши фойдаланади.


"Мен бундай жамият ҳақида ижтимоий тармоқлардан тасодифан билиб олдим. Менга саёҳатчиларни қабул қилиш, уларга номаълум нарсаларни кашф этишга ёрдам бериш ғояси жуда ёқди, бу янги одамлар билан мулоқот қилиш имкониятини беради. Мен дунёнинг турли бурчакларидан юздан ортиқ одамни қабул қилдим. Интернет-сайтдаги шарҳларни ўқиб, меҳмонга ишониш мумкинми ёки йўқлигини билиб олиш мумкин", - деди суҳбатдошимиз.

photo_2024-07-06_14-23-34.jpg

Янги давр одамлар, айниқса ёшлар учун янги имкониятлар очди. Ва кўпчилик уларни нафақат шахсий мақсадларда, балки мамлакатимиз ва халқимиз ҳақидаги билимларни тарқатиш учун ҳам ишлатишади. Бу албатта эътибор ва таҳсинга лойиқдир.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.