Диёра Келдиёрова тарих яратмоқда. Дзюдо бўйича биринчи Олимпия олтинига муносабат. Видео

Улашиш:

Яқин вақтгача аёллар дзюдоси анъаналари бўлмаган мамлакатда Олимпиадада ғалаба қозониш "бутун мамлакат бўйлаб ёш қизларни илҳомлантирадиган ажойиб ютуқдир", - дея муносабат билдирди Халқаро дзюдо федерацияси Диёра Келдиёрованинг Олимпиададаги ғалабасига жавобан.

"Менинг вазифам - Ўзбекистон аёлларининг ҳаётини ўзгартиришдир", - деди 26 ёшли Олимпия чемпиони.

Эслатиб ўтамизки, бир кун олдин дзюдо бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси вакили иккинчи тур доирасида Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони япониялик Уту Абэни мағлуб этди. Япониялик спортчининг ғалабали чиқишлари беш йил давом этган.

  

Татамидан тушар экан, Олимпия чемпиони Диёра Келдиёрова шундай деди:

"Бу ерга келиш жуда қийин иш эди ва мен фақат Олимпия ўйинлари ҳақида ўйлардим, ҳар доим, фақат ўйинлар хусусида фикр юритдим. Бу нафақат медал ҳақида, балки олтин медал ҳақида ҳам эди. Бу мен, ота-онам, оилам ва барчамиз учун жуда муҳим кун. Бу бутун жамоанинг медали, мен учун, Марко учун (мураббий Марко Шпитка – таҳририят изоҳи). Бу Ўзбекистон олтинидир".


Диёранинг ота-онаси уни Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги уйда қўллаб-қувватлаган.

"Абэни йиқитди. Мен бундан хурсандман. Чунки у бунга бир неча йил тайёргарлик кўрди. Абэга қарши чиқишини айтишганда, мен ҳаяжонландим. У ҳеч кимга ўзини мағлуб этишига йўл қўймаган",- деди онаси.

Ўтган Токио Олимпиадасида Келдиёрова 1/16 финалнинг биринчи баҳсида мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасурэнга мағлуб бўлиб, турнирни тарк этганди.

"Уч йилдан сўнг мен олтин медални қўлга киритишга муваффақ бўлдим. Барчага катта раҳмат — ота-онам, турмуш ўртоғим, биринчи мураббийим ҳам. Президентимиз айтганидек, агар аёллар учун шароит яратилса, улар ҳар қандай чўққини забт этишлари мумкин",- деди у "Ўзбекистон 24"телеканалига берган интервьюсида. 

Диёра Келдиёрова учун алоҳида табрик Google томонидан тайёрланган. Бугун агар қидирув сатрига Олимпия чемпионининг исмини киритсангиз, унда экранда олтин медал сузади ва пастки қисмида фойдаланувчилар чемпионга рақамли гулдастани юбориши мумкин бўлган тугма пайдо бўлади. Айни пайтда медалчимиз 850 мингдан ортиқ табрик гулдасталарини олган.

Эслатиб ўтамизки, Диёра Келдиёрова Ўзбекистон тарихида Олимпия ўйинларида дзюдо бўйича олтин медални қўлга киритган биринчи спортчи.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.