Жиззах вилояти ҳудудий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сиёсий партияларнинг тегишли ҳужжатларини кўриб чиқиш ва ваколатли вакилларини рўйхатга олиш, уларга рўйхатга олинганлик мандатларини топшириш масаласи муҳокама этилди.
Йиғилишни вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шавкат Шарипов олиб борди.
Кун тартибидаги масала юзасидан Жиззах вилояти ҲСК котиби Дилшод Ўралов ахборот берди.
Қайд этилишича, вилоятимизда фаолият олиб бораётган сиёсий партиялар раҳбарлари ўз ваколатли вакилларини тайинлаб, уларни рўйхатдан ўтказиш учун илк бор “Е-saylov” ахборот тизими орқали Жиззах вилояти ҲСКга мурожаат қилган.
Йиғилишда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят бўлими раҳбарлари тавсия этган ваколатли вакилларга тегишли ҳужжатлар кўриб чиқилиб, ваколатли вакилларни рўйхатга олиш ҳамда уларга белгиланган шаклдаги мандатни бериш ҳақида қарор қабул қилинди.
Жиззах вилояти ҲСК матбуот маркази.