Мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий республика кўрик-танловининг Жиззах вилояти босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Танловнинг ушбу босқичида вилоятда фаолият олиб бораётган ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, кино ва тасвирий санъат намояндалари, фото ва дизайн усталари “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган асарлари билан қатнашди.
Танлов Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилояти бўлими, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, маданият бошқармаси, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, Бадиий академия вилоят бўлими, Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси вилояти бўлими, вилоят телерадиокомпанияси ҳамкорлигида ўтказилди.
Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон тасвирий ойина ижодий уюшмаси раҳбари Исфандиёр Латипов ва бошқалар мустақиллик йилларида оммавий ахборот воситалари, адабиёт, санъат ва маданиятга қаратилган эътибор, шу йўналишда ташкил этилган танловларнинг аҳамияти, ижодкорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган турли лойиҳаларнинг тадбиқ этилаётганлиги, бунинг натижасида кўплаб истеъдод эгаларининг кашф этиб борилаётганлиги тўғрисида гапирди. Шундан сўнг кўрик-танловнинг 7 йўналиши бўйича элликдан ортиқ ижодкор томонидан танловга тақдим этилган ижодий ишлар ғолиблари аниқланганлиги маълум қилинди. Шундан йигирма бир нафари ғолиб ва совриндорга айланди.
–Жумладан, ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари номинацияси бўйича 6 нафар ижодкор ғолиблар сафидан ўрин эгаллади, –дейди Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раиси ўринбосари Дилшод Жўраев. –Босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг ижодий ишлари номинациясида 3 нафар ижодкорнинг ижодий ишлари эътироф этилди. –Интернет-журналистика номинациясида 3 нафар ижодкор ғолиб бўлди. Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари номинацияси бўйича вилоят телерадиокомпаниясининг 2 нафар, Жиззах телеканалининг 1 нафар ходими, тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари номинациясида бўйича 3 нафар ижодкор танлов ғолиби бўлди.
Танлов ғолибларига диплом ва пул мукофотлари топширилди.