Гиёҳвандлик – миллат келажагига таҳдид

Улашиш:

Бугунги кунга келиб Ўзбекистон аҳолисининг сони 34 миллион бўлиб уларнинг 17 миллиондан ортиғини ёшлар ташкил этади. Шу боис ёшлар масалаларига давлат сиёсати даражасидаги эътибор йигит ва қизларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш, уларнинг ижтимоий фаолиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, Президентимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялаш, ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, жисмонан соғлом, интеллектуал салоҳиятли, маънан баркамол улғайиши учун, шунингдек ёшларни қилган меҳнати, эришган ютуқларига яраша рағбатлантиришга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу борада яратилаётган шароитларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилиши ҳамда унинг асосий йўналишларидан бири сифатида ёшларни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни етакчи хорижий олий таълим муассасаларига таълим олиш учун юбориш, халқаро танловларда иштирок этишни таъминлаш, уларнинг интеллектуал салоҳияти ва истеъдодини ривожлантириш, ёшлар фаолияти билан боғлиқ соҳаларга хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш бўйича зарур чоралар кўриш этиб белгиланганлиги, ҳозирги кунда ёшларни иқтидорли ва салоҳиятли камол топтириш, келажакда етук мутахассис бўлиб етишиши учун кенг имкониятлар яратилаётганлиги намоёндир.

Шунга қарамай хозирда ёшларимиз орасида салбий иллатлардан бири ҳисобланган гиёҳвандликка ружу қўйиш каби ҳолатлар кўплаб учрамоқда. Шунингдек, “Дунёда гиёҳванд моддаларга ружу қўйиш оқибатида бошпанасиз қолганлар оз эмас...", "Болаларнинг мажруҳ, ақли заиф бўлиб туғилишида гиёҳвандликнинг улуши ортиб боряпти...", Гиёҳвандлик давосиз хасталикларнинг кўпайишига ва бу номаълум касалликка чалинган беморларнинг бевақт, сирли ўлимига асосий омил бўлаётир..."

Гиёҳвандлик билан боғлиқ бундай ҳабарларни бугун ҳар қадамда эшитиш одатий ҳолга айланиб қолди. Виждони уйғоқ, мамлакат ва миллат келажагига бефарқ бўлмаган одамлар эса ижтимоий хавфи ўта юқори, оғир оқибатларга олиб келадиган офат, қанчадан-қанча одамларнинг соғлиғига, умрига зомин бўладиган иллат – гиёҳвандликнинг илдизи буткул қўпориб ташланмаётганидан азият чекмоқда...

Мамлакатимизда, ушбу глобал иллатга қарши курашиш, гиёҳвандлик моддалари юртимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераяпти. Бироқ, ўз нафсини миллат ва мамлакат тақдиридан устун қўяётганлар бу саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаришга уринмоқдалар.

Кўнгилнинг кўчалари кенг, аммо бирдек текис эмас. Эгри кўнгилнинг қийшиқ кўчасига кириб қолдингизми, тамом, борган сари ботқоғига тортаверади, ғойибдан келаётган текин бойлик қанча бўлса ҳам кам кўринаверади.

Шу ўринда ҳақли мулоҳаза: мамлакатимизда эртамиз ёшларининг иқтидорларини юзага чиқаришлари ва меҳнат қилишлари учун барча қулайликлар яратилган. Инсон улгайган сари уз ақлини таниган, ҳаётда ўз ўрнига эга, яхши-ёмонни фарқлайдиган даражага етган бўлиши лозим. Аммо, афсуски, баъзи инсонлар уз имкониятларини қўлдан бой бермокдалар. Оқибатда нафсига қул бўлиб, мўмай пул топиш васвасасига учраб, суднинг қора курсисига ўтиради, оиласи, эл-юрт олдида боши эгилади.

Юртимиз ҳудудида гиёхвандлик моддаларини ноқонуний тарқатилишига йўл қўйилса, аянчли оқибатларга олиб келиши шубҳасиз. Бунинг ортидан қанчадан-қанча кишилар гиёҳвандлик балосига дучор бўлиб, яна қанча гўдаклар ногирон туғилиши ёки етимлик юкини елкасига олиши мумкин.

Бунга йўл қўймаслик учун доимо ҳушёр бўлиш, фарзандларимизни ким билан ошно бўлиб, қадамини қандай босаётганини ёшлигидан назорат қилишимиз лозим. Акс ҳолда нопок кимсалар ғаразли мақсадларда тарқатаётган бундай заҳри қотил исканжасига тушиб қолинса, орқага йўл беркилиши мумкин.

Халқда яхши отга бир қамчи, деган гап бор. Яъни, гиёҳвандлик балосига чалинган инсонлар томонидан содир этилган қинғирликларга ўралашиб қолган ёҳуд уларга ҳавас қилаётганларга юқорида баён этилган фикрлар етарли. Акс ҳолда нафс ортидан қувиб, ўзини ўтга-чўққа уришни қўймайдиганлар кун келиб, қора курсига ўтиришлари, эл олдида шарманда бўлишлари ҳеч гап эмас.

 

2014-2024 SANGZOR.uz. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.