Ҳар бир киши ўз фарзандини униб-ўсиши, билимли ва салоҳиятли бўлиб, жамиятда ўз ўрнини топиб кетишини истайди. Бу халқимизга хос энг улуғ қадрият саналади. Бироқ ҳаётда шундай одамлар ҳам учрайдики, улар оталик масъулиятидан қочиб, фарзанд тарбиясини ўз зиммасидан соқит қилмоқчи бўлади. Албатта, бу инсон номига доғ.
— Бундай ҳолатларда ота-оналарга нисбатан қонунчилигимизда белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари қўлланилади, — дейди Мажбурий ижро бюроси Ғаллаорол туман бўлими давлат ижрочиси Шерзод Нурманов. — Жиноят ишлари бўйича Ғаллорол туман судининг очиқ мажлиси қарорига асосан қарздор Т. Д. дан ундирувчи Т.С. фойдасига бир нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун ҳар ойлик иш ҳақи ва даромадининг маълум миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлиб, ижро ҳаракатлари давомида бир неча маротаба огоҳлантирилишига қарамасдан Т.Д. бундан бўйин товлаб келди. Натижада суд ҳукмига асосан қарздор ота бу қилмиши учун 15 сутка панжара ортида ўтиришга мажбур бўлди.