Узоқ умр кўришни ҳамма бирдек хоҳласа керак. Айниқса, бугунги даврда умрни узайтириш бўйича тинимсиз изланишлар олиб борилаётгани бунинг яққол исботи. Мутахассислардан холи равишда, кўпчилик бу масалада ўз қарашига эга. Аммо булар шунчаки фаразлардир. Чунки экспертлар кўрсатган сабаблар узоқ умр кўришни хоҳловчи инсонларнинг хаёлига ҳам келмаган.
ССВ Матбуот хизмати берган хабарга кўра, олимлар узоқ умр кўришнинг бир қанча омиллари борлигини таъкидламоқда. Булар қуйидагилар:
▪️ Жинс. Эркакларга қараганда аёлларнинг ўлим даражаси ёш чегарасидан қатъи назар паст бўлар экан. Буни исботлаш учун қилинган таҳлиллар аёллар эркакларга қараганда ўртача 7–10 йил кўпроқ яшашини кўрсатади.
Баъзи тадқиқотлар бунда асосий сабабни қисман эркакларнинг хавфли хулқ-атвори билан боғлайди. Бу эса улар орасида бахтсиз ҳодисаларнинг ортишига олиб келиши мумкин экан.
▪️ Генетика. Баъзи олимларнинг фикрича, ирцият ўлимнинг 10 та асосий сабабларидан тўққизтасида муҳим роль ўйнаши мумкин. Масалан, қуйидаги хасталикларда:
✔️юрак касалликлари;
✔️саратон;
✔️сурункали пастки нафас йўллари касалликлари;
✔️ инсульт ёки цереброваскуляр хасталик;
✔️Альцгеймер;
✔️қандли диабет;
✔️буйрак касалликлари.
▪️ Перенатал ва болалар касалликлари. Бачадонда, туғилиш пайти ва жуда эрта болаликдаги ноқулай шароитлар, ҳатто кексаликда ҳам ўз таъсирини кўрсатиш эҳтимоли бор экан. Ишониш қийин. Яъни, бу ёшликда олинган жароҳат кишининг умрини қисқартириши мумкин дегани.
▪️ Молиявий ҳолат. Тушунтирилишича, молиявий баланс тушган сари умр кўриш давомийлиги ҳам пасаяди. Чунки бу омил қанчалик юқори бўлса инсон шунчалик ўз соғлиги ҳақида қайғуради. Масалан, вақтида шифокор қабулида бўлиб, касалликларнинг олдини олади, соғлом турмуш тарзи билан шуғулланишга ҳам имкон топади. Натижада кўпроқ жисмоний машғулотлар билан шуғулланади, камроқ чекади ва ўзи учун нормал бўлган вазнни сақлашга ҳаракат қилади. Бундай соғлом турмуш тарзи орқали умр давомийлиги ҳам ошади.
▪️ Оилавий аҳвол. Турли тадқиқотлар шуни кўрсатадики, никоҳ ёки узоқ муддатли муносабатлар юрак ҳолатини яхшилаши, руҳий саломатликка салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган изоляция ва ёлғизликдан халос бўлишга ёрдам беради.
Бундан ташқари, мазкур омил одамларни шифокор кўригидан мунтазам равишда ўтиб туриш ва ёмон одатлардан воз кечиш каби соғлом танлов қилишга ундайди.
▪️ Турмуш тарзи. Бу омилнинг эрта ўлимга олиб келувчи сабабларига нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатланиш, тамаки ва спиртли ичимликларни ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилиш, хавфли хатти-ҳаракатлар, иш жойидаги ва транспорт воситаларидаги хавфсизлик киради.
Шунингдек, бугунги кунда семириш ҳам барвақт ўлимга олиб келувчи сабабдир.
Маълумотда келтирилишича, дунёда катта ёшли инсонларнинг қарийб 5 фоизи ушбу муаммодан азият чекади. Бу кўрсаткич 1962 йилда тахминан 1 фоизни ташкил қилган.
Ҳозирда катта ёшли аҳолининг қарийб 70 фоизи ортиқча вазнга эга (1962 йилда 46 фоиз бўлган).
▪️ Тиббий технологиялар. Таъкидлаш лозим, тиббиётдаги ютуқлар умр кўриш давомийлигини оширишга сезиларли таъсир кўрсатди. Жумладан, антибиотикларнинг яратилиши ва эмлашнинг жорий қилиниши, шунингдек, жарроҳлик, кардиологик ёрдам ва органлар трансплантациясининг такомиллаштирилиши умр кўриш давомийлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида, агар киши узоқ умр кўришни мақсад қилган бўлса, шифокор қабулига тез-тез келиб туриши, жиддий касалини эрта даврдаёқ даволаши лозим бўлади. Энг асосийси эса, соғликка беэътибор бўлмасликдир.