Қирғизистон президенти ўзбек мураббийига автомобиль совға қилди

Улашиш:

У Пaриж олимпиадасида қирғиз боксчисига ёрдам берган эди.

'Қирғизистон президенти ўзбек мураббийига автомобил совға қилди'ning rasmi

Бугун, 11 сентябрь куни, Садир Жапаров ўзбек бокс мураббийи Акмал Хасанов билан учрашиб, Мунарбек Сейитбек улунинг ғалабасига қўшган ҳиссаси учун унга миннатдорлик сифатида автомобиль совға қилган. Бу ҳақда президент маъмуриятининг ахборот сиёсати хизмати хабар берган.

“Бутун дунё Марказий Осиё халқларининг бир-бирини қўллаб-қувватлашини, ўзаро дўстона муносабатларини намойиш этганини кўрди. Спорт тинчлик элчиси деб аталади. Сиз ўзингиз билан ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқдасиз. Бирлигимиз янада мустаҳкамланишини тилайман”, - деди Садир Жапаров.

Президент, шунингдек, Парижда бўлиб ўтган Олимпиадада ўзбек спортчиларининг яхши натижаларга эришганини ҳам таъкидлади.

“Ўзбекистон спортга катта эътибор қаратади. Биз эса охирги уч йилда спортчиларимизни фаол қўллаб-қувватлай бошладик. Илгарилари мусобақаларда иштирок этиш учун зарур маблағларни ўз вақтида беролмаган ҳоллар ҳам бўлган. Ҳозир эса давлат зарур шарт-шароитларни, ҳатто витаминлар билан таъминлашгача яратиб бермоқда”, - деди давлат раҳбари.

Акмал Хасанов самимий сўзлар учун миннатдорлик билдириб, у Мунарбек Сейитбек улу билан кўп марта учрашганини ва унинг секунданти бўлишга иккиланмасдан рози бўлганини айтган.

Қайд этиш жоизки, қирғизистонлик боксчи Мунарбек Сейитбек улу Париж (Франция) Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. У қирғиз бокси тарихида илк бор Олимпия медалини қўлга киритган спортчи бўлди. Олимпиадада шахсий мураббийи қатнашмаганлиги сабабли, ўзбек мураббийи Акмал Хасанов 1/8, 1/4 ва Олимпиада ярим финалида спортчига секундант сифатида ёрдам берди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.