Жиззах шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролар кадастр бўлимига ҳужжатларни расмийлаштиришга бориб, жавобгар бўлиб қолишмоқда.
Хайробод маҳалласида яшовчи ўзини таништиришни истамаган айтишича, яқинда тўплаган маблағи ҳисобига хонадонига қуёш панели ўрнатган. У учун ҳаммаси дастлаб оддийдек туюлаётган эди. Чунки ушбу панеллардан фойдаланиш учун хонадон кадастр рақами орқали бириктирилиб, келгусида ўз истеъмолидан ортган электр энергиясини давлатга сотишни режалаштирганди.
Кадастр ҳужжатларида камчилик бўлгани учун, фуқаро ҳужжатларни қайта расмийлаштириш учун кадастр идорасининг эшигини тақиллатишга мажбур бўлди.
Ҳозирда унинг яшаш хонадони онаси (III-гуруҳ ногирони) номида бўлиб, Жиззах шаҳар ҳокимининг 1999-йилдаги қарори билан расмийлаштириб берилган. Кейинчалик ўша вақтдаги “МБТИ” МЧЖ томонидан ушбу ҳужжат рўйхатга олинган.
Орадан қарийб 25 йил ўтиб ушбу ҳужжат тан олинмасдан фуқаро йўқ жойдан, МЖТКнинг 681-моддаси билан жавобгар бўлиб қолди. Ушбу модда “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик” деб номланган бўлиб:
Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга ер участкасига, бино ва иншоотга бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик, —
фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари, мансабдор шахсларга эса — ўн беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади, - дея кўрсатилган.
Бу ҳолатда фуқаро белгиланган жаримани 15 кун ичида 50 фоизини тўлаб юбориши ҳам мумкин эди. Бироқ кадастр органи ходимлари ноқонуний ишга қўл уришди. Мулк жавобгар онанинг номида бўлишига қарамасдан, унинг иштирокисиз ва номидан тилхат ёздириб олиниб, далолатнома тузилган. Яъни мулкдорнинг фарзанди номидан тилхат ноқонуний ёздириб олинган.
Айни пайтда Жиззах шаҳар кадастр бўлимига борган ҳар қандай фуқаро билан шу каби ҳолат содир этилаётган бўлиши мумкин. Мурожаатчиларнинг айтишича, бу тўғрисида ҳар бир ходимга раҳбарият томонидан жарима ундириш бўйича топшириқ берилганлиги таъкидланмоқда.
Ҳозирда фуқаро ушбу жаримани бекор қилдириш мақсадида ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, суд органларига мурожаат қилган. Суд ушбу ноқонуний ҳаракатга қонун доирасида ечим топишига умид қилинмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан кадастр идораси масъулларига маълум қилинган бироқ, улардан тайинли жавоб олишнинг имкони бўлмади.