2026 йил учун грин карта лотереясига рўйхатдан ўтиш жараёни 2 октябр куни Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланиб, 5 ноябр куни соат 21:00 га қадар давом этади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.
Департамент ўз баёнотида талабгорларни фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирган. Фирибгарлар интернетда грин-карта дастурининг ҳақиқий расмий саҳифасига ўхшаш саҳифа яратишлари ёки бошқа турли усуллар орқали одамларни лақиллатиши мумкин.
Лотереяда қатнашиш бепул. Бир киши биттадан кўп ариза топширса, унинг барча аризалари дастурдан четлаштирилади.
АҚШ ташқи сиёсат идорасининг қўшимча қилишича, 2025 йил учун грин-карта дастури ғолиблари 2024 молия йили якуни – 30 сентябр кунининг сўнггига қадар ўз визаларини олиб бўлишлари ёки виза статусларини ўзгартиришга улгуришлари керак.
Расман Хилма-хиллик дастури деб аталадиган виза лотереяси – АҚШга иммиграция даражаси тарихан паст бўлган халқлар вакилларига Америка иммиграцион визаси олиши учун имконият сифатида жорий этилган. Бу орқали АҚШ аҳолиси орасида миллатлар хилма-хиллигини бойитиш мақсад қилинган.
Ҳар йили бу дастур орқали 55 мингта муҳожирга АҚШда доимий яшаш ҳуқуқи берилади.
Лотерея натижалари одатда келгуси йил май ойида эълон қилинади.