Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт аҳолиси ва меҳмонларидан қаровсиз кучук ва мушукларга бошпана ёки озуқа беришини сўради. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати маълум қилди.
"Бугундан бошлаб кунлар сезиларли даражада салқинлашди ва тез орада салқин ҳаво ўрнини аёзли кунлар босади.
Шу сабабли, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларига юзланиб, эътиборларини қаровсиз кучук ва мушукларга қаратмоқчимиз, ҳойнаҳой улар сиз яшаб турган ҳовлида ҳам бўлса керак", дейилади хабарида.
Шунингдек, ҳайвонларга ғамхўрлик қилиш автомобиль ҳайдовчиларидан ҳам талаб қилинган.
"Ҳурматли ҳайдовчилар! Автомобилларингизни ўт олдиришдан аввал уни текшириб кўришингизни сўраймиз, чунки, совуқ ҳавода жониворлар иссиқ бошпана излаб, кўпинча машина ғилдираклари ва капотлари остида яширинадилар. Бир муддат шошманг, машинани текшириш учун бир дақиқа вақт ажратинг", дея қўшимча қилинган.