Ҳисобимда 50 млн доллар бор эди, сўнг ҳеч вақосиз қолдим – Аль Пачино

Улашиш:

“Чўқинтирган ота” фильми юлдузи, 84 ёшли америкалик актёр Аль Пачино 2010 йиллар бошида ҳисобчисининг фирибгарлиги ва ўйламасдан қилган харажатлари туфайли бутун бойлигидан айрилган. Бу ҳақда актёр ўзининг яқинда чоп этилган “Sonny boy” номли хотира китобида айтиб ўтди.

Пачинонинг сўзларига кўра, атрофдагилар бухгалтернинг синалмагани ва унга тўлиқ ишонмаслик лозимлиги ҳақида огоҳлантирган, аммо актёр бу сўзларга аҳамият бермаган.  Аль Пачино бир нечта йирик харидларни амалга оширгандан сўнг, ҳисобини текшириб кўрганда пуллари йўқолганини аниқлаган.

“Шахсий ҳисобимда 50 миллион доллар бор эди, сўнг ҳеч нарсасиз қолдим. Уйим бор, лекин кундалик харажатларга пулим қолмаган эди. Ўша пайтда вақт гўё тўхтаб қолгандек эди”, деб эслайди актёр.

Маълум муддат ўтиб фирибгар ҳибсга олинган ва 7,5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Пачинонинг тан олишича, авваллари актёр ўзи яшаб турмаган уйнинг ландшафт дизайнерига йилига 400 минг доллар ҳақ тўлаб, пулни кўкка совурган.

Молиявий инқироз уни пул топиш учун ҳар қандай ролларни қабул қилишга ва рекламаларда чиқишга мажбур қилди. Ўша даврда актёр “Жек ва Жилл” комедиясида ва қаҳва рекламасида чиққан. Сўнг у катта ҳовлисини сотиб, молиявий аҳволини яхшилаш учун университетларда турли семинарлар ўтказа бошлаган.

Маълумот учун, Аль Пачино 1940 йилнинг 25 апрелида Нью-Йоркда туғилган. Кино оламидаги дебютини 29 ёшида “Мен, Натали” фильмидаги иккинчи даражали роль билан бошлаган. Муваффақиятли кино карьерасидан ташқари, Аль Пачино машҳур театр актёри ҳисобланади. У фаолияти давомида “Чўқинтирган ота”, “Америка фаришталари”, “Гуччи уйи”, “Иккинчи имконият”, “Симона”, “Аёл таровати” фильмлари ва кўплаб лойиҳаларда суратга тушган. У ўзини режиссёр сифатида синаб кўриб, 1996 йилда Уильям Шекспирнинг “Ричард III” пьесасига бағишланган “Ричардни қидиряпман” ҳужжатли фильмини суратга олган. Актёр “Оскар”дан ташқари, бешта “Олтин глобус”, Британия кино ва телевидение санъати академиясининг БАФТА мукофоти, иккита “Эмми” ва иккитадан “Тони” мукофотига эга. Бундан ташқари, у кинога қўшган улкан ҳиссаси учун бир қанча фахрий мукофотлар, жумладан, АҚШ миллий санъат медали (2012), “Сесил Б.ДеМилль” махсус мукофоти (2001) ва иккита Венеция кинофестивалининг совриндори каби мукофотлар билан тақдирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Аль Пачино 83 ёшида тўртинчи бор ота бўлгани ҳақида хабар берилганди. Боланинг онаси актёрнинг 29 ёшли севгилиси, продюсер Нур Альфалладир. Аль Пачинонинг суюклиси ўғил фарзандни дунёга келтирган ва унга жуфтлик Роман Пачино деб исм қўйган.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.