Бутун мамлакатимиздаги каби Жиззах вилоятидаги 553 та сайлов участкасида ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови жараёнлари эрталаб соат 8:00 дан бошланди.
Дастлаб, вилоятдаги ҳар бир сайлов участкасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ижро этилиши билан ушбу муҳим сиёсий жараёнга старт берилди.
Сайловни ёритиш мақсадидаги илк хизмат манзилимиз Шароф Рашидов тумани “Янги диёр” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 22-сонли умумтаълим мактабида жойлашган 187-сайлов участкасига бўлди. Ушбу ва вилоятдаги бошқа барча сайлов участкаларида ҳам сайловчиларга овоз бериш учун тўрт турдаги сайлов бюллетенлари берилаётганига гувоҳ бўлдик ва биринчилардан бўлиб ўз овозини берган сайловчилардан бирини суҳбатга тортдик.
– 45 йилдан ортиқ мана шу 22-умумтаълим мактабида ўқувчиларга таълим-тарбия бериш билан бирга ҳар галги сайловларда участка сайлов комиссияси аъзоси бўлганман, – дейди меҳнат фахрийси Исмоил Ғаффоров. – Ўзбекистонимизда бугун ўтаётган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига депутатлар сайлови аввалги сайловлардан фарқ қилади. Бу сўнгги тўрт йилда юз бераётган тўртинчи йирик сиёсий жараёндир. Сайловлар биринчи марта янги сайлов тизими асосида ўтказилаётганини ҳам таъкидлаб ўтган бўлардим. Мазкур участка сайлов комиссияси аъзолари ҳар бир сайловчига бу йилги аралаш сайловлар ҳақида аниқ ва лўнда тушинчалар бераётгани менга жуда манзур бўлди. Мен сайловда ўз келажагим, фаровон ҳаётимиз учун ва ўзим муносиб деб билган номзодларга овоз бердим.
Жиззах вилоятининг барча ҳудудларидаги сайлов участкаларида сайловчилар фаол иштирок этиб, ўзлари муносиб деб билган номзодларга овоз бермоқда.
А.Қаюмов