Рақамли маркировкалаш қоидаларини бузган тадбиркорлар учун жавобгарликни бекор қилиш режалаштирилмоқда

Улашиш:

Президентга тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тақдим этилди. Рақамли маркировкалаш ва фискал белгиларни акс эттириш қоидаларини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун жавобгарликни, шунингдек, ЯТТ сифатида рўйхатдан ўтмай ишлаш учун жаримани бекор қилиш режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни Ўзбекистонда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, 20 август куни президент ва тадбиркорлар ўртасида анъанавий очиқ мулоқот бўлиб ўтганди. Муҳокама қилинган муаммо ва таклифлар асосида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, текширишларни тартибга солиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

2025 йил 1 январдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун фақат битта жавобгарлик чораси белгиланиши кўзда тутилган. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.

Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидаларини ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш таклиф қилинмоқда.

Низолар ҳал қилинишини енгиллиштириш мақсадида 2025 йил 1 мартдан судда иш юритиш тарафлар келишуви билан тугатилганда давлат божининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби жорий этилади.

Тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Бунда, рўйхатда йўқ масалалар бўйича тадбиркорлар фаолиятини текшириш тақиқланади. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар «Ягона давлат назорати» ахборот тизими орқали бизнес омбудсманини хабардор этиш тартибида амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб текширувлар тадбиркорларни уч тоифага бўлган ҳолда «Хавфни таҳлил қилиш» электрон тизими асосида ўтказилади. Шу мақсадда Ҳисоб палатасининг «Давлат аудити» ахборот тизими бизнес омбудсманининг ягона ҳисобот бериш бўйича ягона давлат назорати тизими билан интеграция қилинади.

Тақдимотда ноқонуний текширишларнинг олдини олиш, назорат органлари инспекторларининг малакасини ошириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

«Давлатимиз раҳбари бу чораларни ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштириш, амалиётда адолатли қўлланишини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди», — дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.