Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларида автотураргоҳларни бошқариш ҳуқуқи учун ким ошди савдосини эълон қилган.
E-auksion порталига кўра, ижарага бериладиган автотураргоҳларнинг умумий майдони 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади ва шаҳарнинг барча туманларини қамраб олади.
Ким ошди савдосига Тошкентнинг марказий қисми (жумладан, Амир Темур кўчаси, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Ўзбекистон овози, Шаҳрисабз ва бошқа кўчалар), шунингдек, Учтепа, Чилонзор, Сергели, Янгиҳаёт, Олмазор, Шайхонтоҳур, Бектемир, Миробод ва Яшнобод туманларидаги кўчалардаги участкалар қўйилган.
Ижара муддати 36 ойни ташкил қилади. Ижарачи дастлабки икки йил ичида тураргоҳларни ташкил қилиш, паркоматларни ўрнатиш, йўл ҳаракатини ташкил қилиш, зарур коммуникация ва алоқаларни амалга ошириш учун камида беш миллион доллар сармоя киритиши керак.
Шунингдек, автотураргоҳдан тушган маблағнинг камида 1/12 қисмини шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ўтказиш шарт.
Бундан ташқари, ижарачи тураргоҳлардан мақсадга мувофиқ фойдаланишни назорат қилишни таъминлаши шарт.
Йиллик ижаранинг бошланғич нархи 57,21 миллиард сўмни ташкил этади. Савдолар 25 ноябрь куни бўлиб ўтади ва соат 10:00 да бошланади.