1402 йилги Анқара жангида икки турк султони бир бирига енгиш учун майдонга тушади. Шундан бери туркиялик қардошларимиз Соҳибқирон бобомизга нисбатан озми-кўпми ўпкаланиб қолган. Аммо айрим тарихчилар борки, Амир Темурга нисбатан нафратининг чеки чегараси йўқдай. Масалан, туркларнинг энг машҳур тарихчиларидан бири раҳматли Қодир Мисрўғли Соҳибқиронни куфрда айблашгача борган.
Бироқ бу ҳамма туркларнинг шундай фикрда деган маънога бормайди. Амир Темур бобомизни буюк турк давлат тузувчиси ва моҳир саркарда сифатида тан олиб, унинг мураккаб ҳаёт йўлини илмий изланишлар орқали ҳижжалаб ўрганган ва бу бўйича алоҳида китоб ёзган тарихчилар ҳам оз эмас. Шулардан бири Истанбул шаҳридаги Мармара университети профессори Аҳмад Шимширгилдир. У вақтида ўзига устози қатори саналадиган Қодир Мисрўғлининг Соҳибқирон ҳақидаги салбий фикрларига муносиб раддия ҳам бера олган. Қуйида профессор Аҳмад Шимширгилнинг Амир Темур ҳақидаги мақоласини ўқиб, “Туркияда Соҳибқиронга қараш”лар борасида яна ҳам яхшироқ тушунчага эга бўлишингиз мумкин.
***
1989 йил. Эрзирум Отатурк университети Адабиёт факультетининг тарих бўлимида биринчи курсда ўқирдим. Таниқли тарихчиларимиздан бири Меҳмет Олтой Кўйман бизга дарс бериш учун Анқарадан Арзирумга келарди. Бир ойлик дарсни бизга бир ҳафтада тушунтириб, яна ортига қайтиб кетарди. Илк дарсида айтган бир гапи хотирамга абадий муҳрланиб қолган.
“Аллоҳдан фақатгина бир нарсани сўрайдиган бўлсам, Темурнинг жаннат юзини кўрмаслигини тилардим!”
Бу қанақа ният? Бу ўзига ёмонликни тилаш эмасми? Тушуниш жудаям қийин эди. Аммо ўшанда мактабларимизда онгимизга “Чўлоқ Темур”, “Темурланг”, “Оқсоқ Темур” деган тушунчалар нима сабабдан сингдирилганини англаб етдим.
Ҳа, Султон Боязид Йилдирим билан бўлиб ўтган Анқара жанги туфайли Амир Темур усмоний тарихчилари томонидан ноҳақ қораланган ва танқидлар қилинган. Хайриятки, Хожа Саъдуддин Афанди каби кейинги давр тарихчилари унинг шахсиятига адолат билан ёндошиб, асл ҳақиқатларни юзага чиқардилар.
Нима учун асрлар давомида бизга Амир Темур ҳақида нотўғри маълумотлар берилди?
Аслини олганда, бизнинг авлодга нохолис таништирилган фақатгина Амир Темур эмасди. Усмонийларнинг тарихи ҳаққоний ўргатилармиди? Фотиҳ Султон Муҳаммад, Ёвуз Султон Салим, Султон Сулаймон Қонуний ва Абдулҳамидхон II каби султонлар ҳам туҳматлар нишонидан қочиб қутулолмади.
Афсуски, Амир Темурга душманлик биргина Туркияда эмасди. Барча турк жумҳуриятларида, ҳатто бутун дунёда унинг шахсиятига, тарихига нисбатан янглиш ва душманча муносабатда бўлинмоқда эди.
Чор Россиянинг босқини ва зулми остидаги туркий давлатларда Амир Темур ваҳший, қонхўр бир киши сифатида талқин этилди. Рус тарихчилари ва ёзувчилари ўзларининг китобларида Амир Темурни ёвуз ва ғаддор деб таништирар, рус рассомлари ҳам чизган портретларида атайлаб шундай сиймони тасвирлашга қаттиқ ҳаракат қиларди.
1941 йили Сталиннинг буйруғи билан Амир Темурга нисбатан жудаям катта ҳурматсизлик қилинди. Ўзбек халқининг ёлворишига ва кўз ёшларига қарамай, унинг қабри очилиб, суяклари ўрганиш баҳонасида Москвага олиб кетилди. Бош суяги чаноғи устида антропологлар тадқиқот олиб борар, бошқа тарафдан тахминий қиёфаси тамсил этилаётганди. Рассом ва ҳайкалтарошлар унинг ташқи кўринишини қўрқинчли, ваҳший ва ёввойи кўринишда талқин қилди. Таассуфлар бўлсинким, Туркияда чоп этилган бир қанча тарихий асарлар, романлар ва энциклопедияларда ҳам айни шу расмлардан фойдаланилди. Ўша даврларда бунга ўхшаш пасткаш муносабат буюк турк архитектори Меъмор Синонга нисбатан ҳам содир этилди ва, минг афсуски, унинг бош чаноғи ҳалигача топилгани йўқ.
Советларнинг босқини фақат жисмоний эмас, балки руҳиятларни, зеҳниятларни ҳам қамраб олган, шу сабабли буюк турк жаҳонгири Соҳибқирон Амир Темур ҳатто ўз ватанида ҳам етарлича ўрганилмади. Уни ўзбекларнинг тарихи, маданияти ва анъаналаридан узоқлаштиришга ҳаракат қилинди. Фақат 1991 йили, Ўзбекистон давлати мустақилликка эришгандан кейингина Амир Темурнинг номи, бой мероси, хотираси ва тарихий шахсиятига янгича қараш бошланди.
Албатта, охирги юз йилларда таниқли ва буюк турк фарзандларига нисбатан қилинган душманликларнинг ошкора ва пинҳона сабаблари бор. Аммо ҳозир бу борада тўхталиш мавриди эмас. Зеро, ушбу китобни мутолаа қилган киши Амир Темурга нима сабабдан бунчалар туҳматлар бўлганини осонликча англаб олади.
Тарихнинг кўз юмиб бўлмас бир ҳақиқати борки, у ҳам бўлса, Амир Темур дунёнинг энг буюк тўрт жаҳонгирларидан бири эканлигидир. У ҳеч бир жангида енгилмаган қўмондон эди.
Темур мўғуллар яксон этган Туркистон дунёсини янгидан кучли ва фароғатли ўлкага айлантирди. Култепага айлантирилган Ўрта Осиё шаҳарларини; Кешдан Самарқандга қадар, Бухородан Термизгача, бебаҳо обидалар билан безади, сайқаллади. Борган жойини мадрасалар, масжидлар, кўприклар, карвонсаройлар, каналлар билан обод қилди.
Соҳибқирон бир давлат ва бир миллатнинг фақат илм аҳллари ва кучли авлодлар билангина гуллаб-яшнашини яхши англарди. Шунинг учун энг аввало саййидларга, дарвешларга, олимларга, шоирларга алоҳида эътибор қаратди. Унинг идорасидаги мамлакатни “илм ва ҳикмат юрти” деса, тўғри бўларди.
Амир Кулол, Шамсиддин Кулол, Абу Бакр Тойободий, Мир Саййид Барака каби шайхлар, Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Қозизода Румий каби олимлар Амир Темур тузган буюк мамлакатда етук авлодлар шаклланишига сабабчи бўлдилар.
Соҳибқироннинг жанг санъати сир-синоатларини чуқур ўзлаштирган бир қанча номдор қўмондонлари бор эди.
У ўзидан солиҳ авлодлар ҳам қолдирди. Фарзанди Шоҳруҳ Мирзо исломиятга жуда катта хизмат қилди. Ҳиротни пойтахт қилиб, дунёнинг марказларидан бирига айлантирди. Набираси Мирзо Улуғбек эса отасидан ҳам ўтиб, юлдузларнинг ҳаракатини ўрганган олим бўлиб етишди.
Не ажабким, Амир Темур шакллантирган олтин авлод давомчилари ўлароқ Али Қушчи, Алишер Навоий, Ҳусайн Бойқаро ва Бобур каби кучли олимлар, давлат арбоблари, шоирлар, адиблар етишиб чиқди. Улар ўз навбатида исломнинг юксалишига, нақлий илмларнинг ривожланишига, турк тилининг янада жонланишига сабаб бўлди.
Амир Темурнинг энг ҳайратланарли тамойили бармоғидаги узугига нақш этилганди. “Рости русти – куч адолатдадир”, деган ибора бу буюк турк жаҳонгирининг ҳар бир ишда адолатли бўлишни шиор қилиб олганини, мана шу ҳақиқатга мос ҳаракат қилганини ва шунинг учун ҳам жумла-жаҳонни қўлга ола билганини исботлайдиган гувоҳнома эди гўё. Фарзандларига ҳам доимо “Адолатли бўлинглар!” деб насиҳат қиларди.
Туркийларнинг оламшумул мафкурасини илгари суриб, худди Ўғузхон сингари, “Аллоҳ бир бўлгани каби дунёда ҳам битта султон бўлиши керак! Дунё икки ҳукмдорга етадиган даражада кенг эмас!” дея, бутун инсоният тарихи давомидаги энг катта турк давлатини барпо этишга муваффақ бўлди.
Хулоса шуки, Амир Темур ўз мамлакатини қоронғи жарликдан чиқарди, зулмнинг қонли исканжасидан халос этди. У ўзаро бўлинишнинг, ҳудудий тарқоқликнинг мамлакатни қандай кўйларга солишини яхши биларди. Бу борадаги ҳаётий тажрибаларини “Темур тузуклари” номли бебаҳо асарида жудаям мукаммал тарзда ифода этган. Бу асар мисолида Амир Темур келажак авлодларга, барча давлат ва жамоат раҳбарларига дарс ва дастурил амал бўлажак китоб ёзиб қолдирган, десак муболаға бўлмайди. Ушбу асарни халқаро алоқалар ва сиёсат илми мактабларида дарслик сифатида ўқитилишига ҳам катта эҳтиёж бор аслида. Китобнинг айрим бобларини лицейларда ёш авлод онгига сингдира олсак, олтинга тенг насиҳат ва ўгит берган бўламиз.
Раҳматли Бошбуғ Алпарслон Туркеш 1996 йили “Туркий давлат ва жамиятлари дўстлик, қардошлик ва ҳамкорлик вақфи” томонидан ташкил этилган “Туркистон амири Темурнинг турк ва дунё тарихидаги ўрни” мавзусидаги конференцияда Соҳибқироннинг беназир йўлбошчи эканлиги ҳақида сўз юритиб, жумладан, шундай деганди:
“Амир Темур каби буюк жаҳонгирни етиштириб берган миллатга мансуб эканлигимиздан ғурурланиб, бу билан фахрланишимиз керак. Унинг асарларини тадқиқ қилишимиз лозим. Барча турк зиёлиларига “Темур тузуклари”ни ўқиб чиқишни тавсия этаман. Олимларимиз Амир Темурнинг тарихий шахсияти ҳамда “Темур тузуклари”нинг устида тадқиқот ўтказсалар, бундан кўп хулоса ва ибрат оладилар”.
Ҳурматли президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдоған ҳам 2016 йил 18 ноябрь куни Амир Темурнинг қабрини зиёрат қилгач, ўз ҳаяжонини шундай ифода этганди:
“Бугун турк ва ислом дунёсининг турли-туман муаммоларини кўрган одамлар Амир Темур амалга оширган ишларнинг нақадар аҳамиятли эканини жуда яхши ҳис қилмоқдалар. У турк-ислом оламининг бирлиги ва баробарлиги дарду ташвишида кечалари ухламаган, ҳар қандай қийинчилик ва машаққатлардан қочмаган ва жиҳод йўлида жон берган буюк соҳибқирон эди. Бугунги кунда унинг дастурларига, тамойилларига риоя этиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ эҳтиёжимиз бор”.
Тарихдан хабарсиз миллатлар бўйин эгишга, бировларнинг этагини ўпишга маҳкумдир. Тарихни билмаслик одамни ўз ота-боболарининг эмас, бегоналарнинг авлоди бўлишдай қулликка етаклайди.
Темурнинг ҳаётидан олинажак шунақа кўп ибратлар борки...
Аҳмад Шимширгил,
профессор, доктор
Манба: Azon.uz