Жиззахда 1,1 млрд сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахс ушланди

Улашиш:

Жиззах вилоятида 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Шароф Рашидов туманида фуқаро С.Ў. га тегишли дарвоза ясаш цехида электр қурилмаларини (қуввати 16,3 кВт) шартномасиз, ҳисоблагичдан ташқари электр тармоғига улаб электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Ушбу қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 1 млрд 160 млн сўмлик зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Бу биринчи ҳолат эмас

Бугунга қадар Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Аниқланган ҳолатларнинг аксариятида миқдор млрд сўмдан ортиқ.

Жумладан, Сирдарёда 683 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланган шахс ушланган эди. Шунингдек, Сирдарёдаги маиший хизмат кўрсатиш шохобчасида 325 млн сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланилгани аниқланганди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкентда жами 2 млрд сўмлик “свет”дан ноқонуний фойдаланилгани ҳақида хабар берилган эди.

Ангрендаги метан заправка 1,1 млрд сўмлик электр энергиясидан, Самарқанддаги метан заправкада 6,6 млрд сўмлик газдан ноқонуний фойдаланилгани аниқланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.