29 ноябрь куни Тошкентда уч ёшли боланинг ўлдирилгани бўйича суднинг якуний мажлиси бўлиб ўтди. Прокуратура судланувчига жиноятлар мажмуи учун умрбод қамоқ жазосини талаб қилди. Суд уни 24 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Эркак тўртта жиноий модда бўйича айбдор деб топилди:
олдиндан била туриб ночор ҳолатда бўлган шахсни қасддан, ўта шафқатсизлик билан ўлдириш;
такроран содир этилган ёки хавфли рецидивист томонидан ҳомиладорлик ҳолатида бўлган аёлни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш;
ҳокимият вакилига ёки ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш;
гиёҳванд моддалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалари бўлмаган кучли моддалар ёки заҳарли моддаларнинг ноқонуний айланишини тарғиб қилувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш.
У жазонинг дастлабки тўрт йилини ахлоқ тузатиш колониясида, қолган 20 йилини эса қаттиқ режимли колонияда ўтказади. Муддат 2024 йил 9 июлдан – фожиа кунидан бошлаб ҳисобланади. Шунингдек, суд маҳкумни гиёҳвандликка қарамликдан мажбурий даволаш тўғрисида қарор қабул қилди.
Ўлган боланинг отаси мухбиримизга айтишича, у умрбод қамоқ жазосини талаб қилиб, ҳукм устидан шикоят қилмоқчи. Апелляция маҳкумнинг отаси томонидан ҳам берилади, у ҳам тайинланган жазога рози эмас.
Эслатиб ўтамизки, ёзда Яшнобод туманида 31 ёшли эркак шаърий хотинининг ўғлига бир неча марта пичоқ урган. Уч ёшли бола касалхонага кетаётганда вафот этган. Суд жараёнида судланувчи гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганлиги аниқланган. Қотиллик куни ҳам у ўзгарган онг ҳолатида бўлган.
Дастлаб эркак қандай қилиб пичоқ унинг қўлига тушиб қолганини эсламаслигини айтди. Кейин гўёки унга жин кириб, болани ўлдиришни буюрганини билдирди. Бироқ, экспертиза айбланувчининг руҳий жиҳатдан соғлом эканлигини ва жиноят пайтида ўз ҳаракатлари англаганини исботлади.
Яша шуни эслатиш жоизки, кеча Тошкент вилоятида жорий йилнинг июль ойида Янгийўлда эр-хотин ва уч фарзанднинг ўлдирилгани бўйича суд якунланди. Қотил оила бошлиғининг қариндоши бўлиб чиқди, у ўз қилмишини қарзлар борлиги билан асослаган. Эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.