Reuters ахборот агентлиги маълум қилишича, Сурия президенти Башар Асад ўзи учун ҳалокатли бўлган кунларда мамлакатдаги сўнгги соатларни қандай ўтказгани ҳақида янги маълумотлар пайдо бўлди.
2024 йил 7 декабрь куни Асад 30 нафар юқори мартабали шахс ва ҳарбийни йиғиб, уларга Россиядан ёрдам кутилаётганини айтган. Шу вақтда исёнчилар шимол ва жанубдан Дамашққа яқинлашиб, пойтахтга қамал хавфини яратган эди. Бунга қарамасдан, Асад армиядан жойини тарк этмасликни талаб қилган. Бу қарор мамлакат ичидаги вазиятни янада кескинлаштирди.
Собиқ бош вазир Муҳаммад Ғози ал-Жалолийнинг сўзларига кўра, у Асад билан ўтказган охирги мулоқотида вазиятнинг оғирлигини таъкидлаган: “Мен Ҳумсдан Латакия томон кўплаб одамлар қочаётганини, кўчаларда ваҳима ҳукм сураётганини айтдим. У эса жавобан: ‘Эртага кўрамиз’, деди. Бу унинг сўнгги гапи бўлди.”
Шунга қараганда, Асад ўзи учун ягона йўл — қочиш эканини тушунган. Бирлашган Араб Амирликлари халқаро акс-садо туфайли Асадни қабул қилишни рад этган. Шу сабабли, у Россиядан паноҳ сўрашга мажбур бўлган.
8 декабрь кечқурун Асад ОАВ билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Бутайна Шаъбонни чақириб, нутқ тайёрлашни буюрган. Бироқ маслаҳатчи етиб келганида, Асад уйида бўлмаган — у аэропортга йўл олганди. Маълумотларга кўра, Асад транспондери ўчирилган самолётда Латакиядаги Ҳамимим авиабазасига учган. У ердан Россия самолёти уни Москвага олиб кетган. Асаднинг рафиқаси ва уч фарзанди аввалроқ Россияга етиб келган эди.
Шуни таъкидлаш керакки, Асад Сурия армиясининг элита қўшинларига қўмондонлик қилаётган укаси Моҳир Асадни ўзи билан олиб кетмаган. Моҳирнинг маълумотларга кўра, у аввал Ироққа, сўнгра Россияга қочган. Асаднинг Ливанга қочишга уринган амакиваччалари эса исёнчилар қўлига тушган.
Башар Асаднинг қочиши нафақат Сурияда, балки бутун дунёда катта акс-садо берди. Унинг ҳукмронлиги тугаши ва Суриядаги геосиёсий вазият қандай шаклланиши ҳақидаги саволлар ҳануз очиқ қолмоқда.