Жанубий Кореяда президент Юн Сок Ёлга нисбатан импичмент жараёни бошланди. Миллий ассамблея томонидан импичмент эълон қилиниши ортидан, президент лавозимидан вақтинчалик четлаштирилди. Энди бу масала Конституциявий суд томонидан кўриб чиқилади.
Импичмент жараёни қуйидагича давом этади: Конституциявий суд Юннинг ўз вазифасини давом эттириши ёки лавозимдан четлаштирилиши ҳақида қарор қабул қилади. Қарор қабул қилингунга қадар, мамлакат бош вазири Хан Дак Су муваққат президент вазифасини бажаради.
Миллий ассамблеянинг қарори Конституциявий судга тақдим этилган бўлиб, 16 декабр куни масала бўйича йиғилиш ўтказилиши режалаштирилган. Суд импичмент жараёнига боғлиқ далилларни тинглаш ва баҳолаш жараёнини амалга оширади. Қарорни қабул қилиш учун суднинг 9 нафар судьясидан 6 нафари импичментни маъқуллаши зарур. Суд 6 ой ичида якуний қарорни чиқариши шарт.
Агар Конституциявий суд Юн Сок Ёлни лавозимидан четлатиш ҳақида қарор қабул қилса, Жанубий Кореяда 60 кун ичида янги президент сайлови ўтказилиши керак бўлади. Бу тартиб давлат раҳбари истеъфога чиққан ҳолларда ҳам қўлланилади.
Президент Юнга нисбатан бундай чоралар қандай сабабларга асослангани ва суднинг якуний қарори қандай бўлиши, нафақат мамлакат, балки халқаро жамоатчилик эътиборида турибди.