Волгоград вилоятида мигрантларга еттита соҳада ишлаш тақиқланади

Улашиш:

2025 йилдан бошлаб Волгоград вилоятида патент асосида меҳнат қиладиган мигрантларга еттита фаолият соҳасида ишлаш тақиқланади. Бу ҳақда вилоят ҳокимияти баёнот берди.

13 декабрь куни вилоят губернатори Андрей Бочаров тегишли қарорни имзолади. Тақиқ таълим ва соғлиқни сақлаш, йўловчи транспорти (жумладан такси) фаолияти, улгуржи ва чакана савдо, озиқ-овқат ва ичимлик маҳсулотларини етказиб бериш, курьерлик хизмати, ёввойи ҳайвонларни овлаш ва отиш соҳаларига тааллуқлидир.

"Бу чекловлар фақат патент асосида ишлайдиган меҳнат мигрантларига қўлланилади", – дейилади вилоят маъмурияти баёнотида.

Маълум қилинишича, Волгоград вилояти ўз эҳтиёжларига кўра юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бундай мутахассислар меҳнат визаси орқали ишга таклиф этилади.

Айтиш жоизки, бунга ўхшаш чоралар бошқа ҳудудларда ҳам қўлланилмоқда. Иркутск вилоятида янги йилдан такси, савдо ва бошқа соҳаларда мигрантларнинг ишлашини тақиқлаш ҳақида қарор қабул қилинган. Камчатка ҳудудида эса 2025 йилдан бошлаб 15та соҳада ишлаш чекланади.

Шунингдек, Приморье ҳукумати ҳам келгуси йилда патент асосида ишлаши мумкин бўлган касблар рўйхатини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Илгари Томск вилоятида ҳам такси, меҳмонхона, умумий овқатланиш ва таълим соҳаларида мигрантлар фаолиятига чекловлар киритилган эди.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.