Самарқанд вилоятидаги "Ёшлар" мультимедиа марказида Европа Иттифоқи молиялаштирган “Ўзбекистонда гендер тенглиги бўйича фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасида ҳамкорлик” лойиҳаси доирасида ишчи учрашув ўтказилди. Учрашувда Жиззах вилояти “Istiqlol avlodi” ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Т.Умаров ва лойиҳа координатори С.Кунарова ҳамда марказ раҳбари Б.Пўлатов иштирок этишди.
Учрашув давомида марказ томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар режасининг натижалари билан танишув ўтказилди. Хусусан, тазйиқ ва зўравонликни барвақт олдини олиш ҳамда жабрланган аёлларга кўмак беришга йўналтирилган материалларни тайёрлаш ва аҳоли хабардорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларнинг мониторинги амалга оширилди.
Шунингдек, ҳаракатлар режасини амалга ошириш жараёнидаги ютуқлар ва мавжуд муаммолар муҳокама қилинди. Якуний ҳисобот шакллари ва келгусидаги вазифалар юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.
Марказ раҳбари Б.Пўлатов гендер тенглигини таъминлаш ва тазйиқ ҳамда зўравонлик ҳолатларини олдини олишда мазкур лойиҳанинг аҳамиятини таъкидлаб ўтди. Ушбу ташаббуснинг хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг ижтимоий-иқтисодий имкониятларини кенгайтиришдаги роли алоҳида қайд этилди.
"Ёшлар" мультимедиа маркази мазкур лойиҳа доирасида амалга ошираётган ишлари билан фуқаролик жамияти ва давлат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда.