Хитойда метапневмовирус авж олмоқда: Қозоғистонда ҳам касаллик қайд этилди

Улашиш:

Хитойда одамлар орасида метапневмовирус (HMPV) юқумли касаллиги кенг тарқала бошлади. Бу ҳақда Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш бошқармаси маълум қилди.

Метапневмовирус илк бор 2001 йилда аниқланган бўлиб, юқори ва пастки нафас йўллари шикастланишига сабаб бўлади. Касаллик, асосан, бурун оқиши, йўтал, иситма билан ўткир респиратор инфекция шаклида намоён бўлади. Хусусан, бронхиолит ва пневмония каби жиддий асоратлар келтириб чиқариши мумкин.

Ҳозирги ҳолат
2024 йилнинг охирида Хитойнинг шимолий ҳудудларида 14 ёшгача бўлган болалар орасида метапневмовирус билан касалланиш ҳолатлари сезиларли даражада кўпайгани кузатилмоқда. Шифохоналарда ўтказилган таҳлиллар давомида нафас олиш йўлларидан олинган намуналарда вирус мавжудлиги тасдиқланган.

Юқтириш йўллари
Вирус ҳаво-томчи йўли ёки ифлосланган юзалар орқали юқади. Бу, айниқса, чақалоқлар, қариялар ва иммунитети заиф шахслар учун хавфли ҳисобланади.

Қозоғистондаги вазият
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам метапневмовирус эпидемияси бўйича маълумот бериб, мамлакатда ўткир респиратор инфекциялар ва грипп ҳолатларининг мавсумий ўсиши қайд этилганини билдирди. Умумий беморлар ичида метапневмовирус юқтирганлар 1,6 фоизни ташкил этмоқда.

ССВ матбуот хизмати аҳолини профилактика чораларига риоя қилишга, одамлар гавжум жойларда эҳтиёт бўлишга ҳамда сурункали касалликка чалинганлар билан мулоқотни камайтиришга чақирди.

Профилактика чоралари

  • Қўлларни мунтазам ювиш ва дезинфекция қилиш.
  • Гавжум жойларда тиббий ниқоб тақиш.
  • Иммунитетни мустаҳкамлаш учун соғлом овқатланиш ва уйқуга эътибор қаратиш.

Метапневмовирусга қарши махсус вакцина мавжуд эмас, аммо умумий гигиена қоидаларига риоя қилиш вирус тарқалишини олдини олишда муҳим роль ўйнайди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.