Кўкйўтал нима ва у қандай даволанади?

Улашиш:

Кўкйўтал билан катта ёшдагилар ҳам касалланиши мумкин.

Кўкйўтал нима? 

Кўкйўтал нафас йўлининг жуда хавфли бактериал инфекцияси ҳисобланиб, унинг қўзғатувчиси Bordetella pertussis бактериясидир. Инфекцияга йўлиққан киши йўталиши ёки акса уриши оқибатида ҳавога микроб тарқалади ва шу яқин атрофда нафас олган одам зарарланади. 

Эмлаш жараёнлари бошлангунга қадар кўкйўтал фақатгина болаларга хос касаллик деб ҳисобланган. 

Ҳозирги кунда ушбу хасталикни биринчи навбатда вакцинациянинг тўлиқ давридан ўтмаган чақалоқлар ҳамда иммунитети заиф бўлган ўсмир ва катталар бошдан ўтказишади. Олимларнинг таъкидлашича, эмлашнинг амал қилиш муддати  — тахминан 4-14 йил. Қанча кўп вақт ўтса, касалланиш эҳтимоли ҳам юқорилашиб боради.

Кўкйўталдан асосан ёшга етмаган чақалоқлар нобуд бўлади. Шунинг учун ҳомиладор аёллар ва чақалоқ яқинида бўладиган кишиларнинг касалликдан эмланган бўлиши жуда катта аҳамиятга эга.

Кўкйўтални қандай аниқлаш мумкин?

Аввалига худди шамоллашники каби аломатлар пайдо бўла бошлайди: 

  • йўтал;
  • аксириш;
  • тумов;
  • ҳарорат кўтарилиши, энг кўпида 38,9 °C гача;
  • баъзи ҳолатларда ич кетиши.

Қарийб 7-10 кун ўтиб, йўтал хуружлари ёмонлашади ва давом этади. Улар ҳатто қусиш, кучли ҳолсизлик ва кескинлашув натижасида юзнинг қизариб ёки кўкариб кетишига олиб келиши мумкин.
Хаста кишиларда бўғимлар торайиши сабабли тез-тез юз-бўйин соҳасида шишлар кузатилади. Тери ва кўз шиллиқ қаватида қон қуйилишларини ҳам бошдан кечириш мумкин. Асабий таъсирчанлик ортиши невроз ва бош айланишини қўзғатиши ҳам амалиётда кузатилган. Ҳатто баъзида кучли йўтал болаларни ҳушидан кеткизади. Бу давр 30 кунгача давом этади.

Хуружлар аксарият одамларда кузатилади, лекин бу ҳаммада дегани эмас. Чақалоқлар умуман йўталмаслиги, аммо бу ҳолатда оғзини тез-тез очиб ҳаво олиб туриши, ҳансираши мумкин. Хуружнинг бу тури вақтинча нафас тизимидаги узилишларга ва титратувчи тутқаноққа сабаб бўлиши эҳтимоли бор.

Қачон шифокорга мурожаат этиш керак?

Агар йўтал кучайганини сезсангиз, зудлик билан терапевтга, ёш болаларни эса педиатр ҳузурига олиб боринг.

Аввалги босқичларда кўкйўтални аниқлаш бир мунча қийин кечади. Аломатлар шамоллаш, грипп ва бронхитникига ўхшаш. Шунинг учун шифокор беморга қон таҳлили ва кўкрак қафаси рентгенини ўтказишни буюриши мумкин.

Йўтал хуружи давомида бемор нафас қисилишларига дуч келса, ўйлаб ўтирмай тез ёрдам чақириш керак.

Бунда беморни ваҳимага тушган ва томоғини ушлаб олган ҳолатда кўришимиз мумкин. Тери озроқ кўкара бошлайди. Лекин асосий белги — у ҳансирашни бошлайди.

Кўкйўтал қандай даволанади?

Чақалоқларни одатда касалхонада олиб қолишади, қолганлар уйда соғайишлари мумкин.

Асосий усуллар иккитагача камайтирилади.

1. Дорилар қабул қилиш
Инфекция тарқалишини тўхтатиш учун доктор антибиотиклар ёзади. Улар бактерияларни парчалайди, аммо касаллик аломатларини бартараф этолмайди. Ҳароратни туширишда рецептсиз бериладиган оғриқ қолдирувчилар — парацетамол ёки ибупрофен қабул қилиш мумкин.

Йўтал учун мўлжалланган таблеткалар эса одатда кўкйўталда ёрдам бера олмайди. 

2. Режимга амал қилиш
Касаллик даврида тўғри ҳаёт тарзини юритиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Беморга дам олиш, юқори ҳарорат кузатилмаган вақтда эса енгил сайр тавсия этилади. Асаб тизими ўта таранглашиши боис жаҳлни чиқарувчи барча омиллардан сақланади. Чироқ нури ҳам юмшоқ ва тарқоқ бўлиши керак. Баланд овоздаги мусиқа, суҳбат ёки телевизор шовқини тақиқланади.

Қуйида тезроқ соғайишга оид бир неча тавсиялар:

  • Юқори ҳарорат натижасида чанқаш ҳисси ошишига йўл қўймасликка ҳаракат қилинг. Кўп миқдорда суюқлик ичиш керак. Энг яхши танлов — сув, мева шарбати ва қуруқ қайнатма шўрва.
  • Тез-тез оз-оздан тановул қилинг. Кўп овқат ейиш йўтал вақтида қайт қилишга олиб келиши мумкин.
  • Хонада ҳаво намлантирувчи воситадан фойдаланинг. Бу йўтални босишда ёрдам беради.
  • Беморнинг хонасидаги ҳаво мусаффо бўлишига ҳаракат қилиш керак. Бинода чекиш, кучли ифорли духи ёки ҳаво спрейларидан фойдаланиш тавсия этилмайди — томоқни қириши мумкин. Хонани иложи борича кўпроқ шамоллатиб туриш керак.
  • Инфекция юқишидан сақланинг. Қўлингизни совунлаб ювинг, тиббиёт ниқобидан фойдаланинг ва суҳбат давомида оғзингизни салфетка билан ёпиб олинг.

Қандай қилиб кўкйўталнинг олдини олиш мумкин?

Энг самарали йўли — АКДС эмлаш.

АКДС —  адсорбирланган кўк йўтал-дифтерия-столбняк вакцинаси, демак, эмлашнинг таъсири бир вақтнинг ўзида учта қўрқинчли юқумли касалликлардан ҳимоялайди.

АКДС коплексли вакцинаси, риоя этилиши зарур бўлган  қатъий ўрнатилган танаффуслар билан кўп марта юборилади (бирламчи курс доираси учун энг камида 30 кун). Эмлашлар Миллий тақвимига кўра, АКДС вакциналаш чақалоқлар 2, 3 ва 4 ойлик бўлганда бир мартадан 3 марта, сўнгра 16 ойликда, 7 ва 16 ёшда бир мартадан такрорланади.


2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.