Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бизнес юритиш учун қулай шароитлар яратишга қаратилган янги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат тадбиркорлар учун электр ва газ таъминотидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Электр таъминотидаги ўзгаришлар
Эндиликда, корхоналарни қарздорлик сабаб электр таъминотидан узиш амалиёти бекор қилинди. Қарздорликни босқичма-босқич тўлаш имконияти яратилади, бу эса ишлаб чиқариш жараёнининг тўхтаб қолишининг олдини олади. Шунингдек, электр энергиясини нооқилона истеъмол қилганлик учун жарималар миқдори қайта кўриб чиқилади.
Тўлов тизимида қулайликлар яратиш мақсадида тадбиркорларга мобил иловалар орқали корпоратив карталар билан тўлов қилиш имконияти тақдим этилди.
Газ таъминоти бўйича янги ёндашув
Газ таъминотида ҳисоб-китобларни соддалаштириш мақсадида корпоратив истеъмолчилар учун ягона шахсий ҳисобварақлар тизими жорий этилади. Бундан ташқари, Hududgaz Corporate дастури Солиқ қўмитаси тизими билан интеграция қилиниб, газ истеъмоли устидан онлайн назорат ўрнатиш имконини яратади.
Тўлов кечиктирилганда газ истеъмолчилари автоматик равишда хабарнома олади. Агар тўлов бир иш куни ичида амалга оширилмаса, газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади.
Қонунчиликда ўзгаришлар
Тегишли идоралар 2025 йил март ойига қадар электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига ўзгартиришлар киритиши ҳамда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиши керак.
Мазкур чора-тадбирлар тадбиркорларнинг муаммоларини камайтириш ва ресурсларни самарали бошқаришга хизмат қилиши кутилаётир. Шунингдек, бу ўзгаришлар мамлакатда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган яна бир муҳим қадам ҳисобланади.