Андижон вилояти Шаҳрихон туманида фарзандининг баҳоларини ўзгартиришни талаб қилган ота-она суд томонидан жаримага тортилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ўқувчининг ота-онаси С.С. ва Г.С. мактаб ўқитувчиси М.Н.нинг яшаш хонадонига келиб, фарзандлари учун баҳони яхшилашни талаб қилган. Улар педагогнинг касбий фаолиятига аралашиб, унинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилган.
Суд жараёнида мазкур ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 197-5-моддасига мувофиқ кўриб чиқилди. Суд ҳар бир ота-онага базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари миқдорида маъмурий жарима тайинлади.
Жабрланувчи зарар ундиришдан воз кечди
Шундан сўнг ўқитувчи М.Н. фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиб, моддий зарар учун 3 миллион 325 минг сўм ва маънавий зарар учун 3 миллион сўм ундиришни талаб қилди. Бироқ суд мажлисида жабрланувчи жавобгарлар билан зарарни қоплаш бўйича келишувга эришганини маълум қилди.
Суд жабрланувчининг арзидан воз кечганини қабул қилди ва иш юритишни тугатиш ҳақида қарор чиқарди.
Эслатма
Ўзбекистонда таълим муассасаларида педагоглар ва ўқувчилар ўртасидаги муносабатлардаги зўравонлик ёки қонунбузарлик ҳолатларига қарши чоралар кўрилмоқда. Таълим сифатини таъминлаш ва педагоглар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бу жараённинг устувор йўналишларидан биридир.