Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) Тимур Кападзени миллий терма жамоа бош мураббийи этиб тайинлади. Бу ҳақда ЎФА расмий хабар берди.
ЎФА миллий терма жамоа бош мураббийлиги учун маҳаллий ва хорижий мутахассислар орасидан номзодларни таҳлил қилган. Музокаралар ва мураббийлар кенгашининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, жамоа ва футболчилар билан яқиндан таниш бўлган Тимур Кападзе номзоди маъқул деб топилди.
Тимур Кападзе узоқ йиллар давомида миллий терма жамоада ўйинчи, бош мураббий ва ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритган. Унинг раҳбарлигида Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси тарихий натижаларга эришган. ЎФА раҳбарияти Кападзенинг профессионал малакаси ва жамоа билан яқин ҳамкорлиги ҳал қилувчи ўйинларда ижобий натижалар келтиришига ишонади.
Айни вақтда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Қатарда йиғин ўтказмоқда. Тимур Кападзе йиғинга қўшилиб, жамоани бошқаришни ўз зиммасига олади.
Эслатиб ўтамиз, шу куни Сречко Катанец миллий терма жамоа бош мураббийлигидан кетганини эълон қилди.