Тошкентда Миллий Либослар Куни жорий этилади ва анъанавий кийим ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланади

Улашиш:

Тошкентда ҳар жума куни давлат муассасаларида Миллий Либослар Куни нишонланади. Ушбу кунда хизмат формаси талаб этилмайдиган ходимларга анъанавий ўзбек кийимларини кийиш тавсия этилади. Бундан ташқари, пойтахт расмийлари миллий либосларни афзал кўрган фуқароларни маънавий ва моддий рағбатлантиришни кўзламоқда.

Мазкур ташаббус Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов томонидан 21 январь куни имзоланган қарор доирасида жорий этилди. Ҳужжат миллий маданиятни тарғиб қилиш, халқ қадриятларини асраш ва эстетик дидни юксалтириш мақсадини кўзлайди.

Ташаббусни амалга ошириш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, унинг вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • Миллий маданиятни тарғиб қилувчи материалларни тайёрлаш;
  • Корхоналар, маҳаллалар ва таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
  • Анъанавий ўзбек кийимлари ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш;
  • Семинарлар, танловлар, миллий ўйинлар ва тадбирлар уюштириш.

Шунингдек, Тошкентдаги барча оммавий тадбирларни миллий услубда безаш, иштирокчиларнинг анъанавий либосларда иштирок этишини таъминлаш режалаштирилган. Қолаверса, жамоат транспорти, метро бекатлари ва бошқа жамоат жойларида "Миллий либослар барчага мос келади" мавзусидаги реклама ва видеороликлар намойиш этилади.

Бу ташаббус нафақат миллий анъаналарни тиклаш, балки анъанавий кийим ишлаб чиқарувчилар учун янги имкониятлар яратишга ҳам хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.