Февраль ойининг дастлабки дам олиш кунларида Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмайди, аммо тунги пайтларда аёз бўлиши тахмин қилинмоқда.
Бугун, 31 январь куни, Ўзбекистон бўйлаб асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво ҳукм суради. Фақат Фарғона водийси, Навоий вилоятининг шимоли ва кечга томон Тошкент вилоятида баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат 0-5 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
Шанба ва якшанба кунлари республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Кечалари ҳарорат 0-5 даража совуқ атрофида бўлади, кундуз кунлари эса қуёш нурлари ҳавони 5-8 даража илиққача, жанубда эса 10-12 даража илиққача иситади. Республика ҳудудида айрим жойларга туман тушиши мумкин, шамол эса шарқдан 7-12 м/с тезликда эсиши прогноз қилинмоқда.
Пойтахтда бугун ҳаво бироз булутли бўлади, кечга яқин кучсиз қор ёғиши мумкин. Ҳарорат 2-4 даража илиқ атрофида бўлади. Шанба ва якшанба кунлари ёғингарчилик кутилмайди, кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин. Ҳарорат кечалари 2-5 даража совуқ, кундузи эса 5-8 даража илиқ бўлади.
Эслатиб ўтамизки, февраль ойида Ўзбекистонда ҳаво ўзгарувчан бўлади. Қишнинг сўнгги ойи 15 даража илиқ ҳаво билан хурсанд қилиш баробарида, тунги 13 даражагача совуқ бўлиши мумкин.